1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Халқ таълими вазирлиги “Устозимни ёд олиб” шиори остида вазирлик раҳбар ходимларининг устозлари бағишланган хотираларини ҳавола этиб боради. Ушбу шиорга сиз ҳам қўшилинг ва ҳаётингизда ўчмас из қолдирган устозларингизни ёдга олинг.
Темуржон Комилов, Халқ таълими вазири ўринбосари:
— Ҳали мактабга бормасимдан, эсимни таний бошлаганимдан менга биринчи устозлик қилган - асосий мотиваторим онам деб айта оламан!
Болалик давримдаги ҳар бир майда “ютуқчам” онам томонидан байрам сифатида қабул қилиниб, моддий (янги кийим, ўйинчоқ, “Dendy” приставкаси ва ҳоказо) ва маънавий рағбатланилар эдим.
Кейинчалик эса “класском”, “доска почёта”дан тушмайдиган аълочи ўқувчи, радио ва телевизорда чиқиб онам фахрланадиган фарзанд, институтда “староста” бўлишим лозимлиги ва бу албатта юз беришини ҳар куни, ҳар соатда онам томонидан қулоғимга қуйиб келинарди.
Онамни мактабдаги барча устозлар яхши танишарди. Ҳар куни мактабга бориб, менинг ўқишим, хулқим ва ўзимни тутишим юзасидан барча устозларим билан соатлаб гаплашарди. Очиғи, мактабда ёмон иш қилишга роса қўрқардим, чунки, узоғи эртаси куни бундан онам хабар топарди.
Онамнинг ундашлари боис, мактаб ва “Дворец пионеров” (ҳозирги “Баркамол авлод мактаби”)нинг ҳамма тўгарак ва тадбирларида доимий қатнашадиган ўқувчилардан эдим. Ҳатто ижод тўгарагига ҳам бориб, шеър ва ҳикоялар қоралашгача “мажбур бўлганман”.
Илк марта оддий техник ходим бўлиб ишга кирганимда, “Яхши ишлаб, ўзингни кўрсатиб, ўсишингга минг фоиз ишонаман” деб иш фаолиятимда гарданимга катта мажбурият қўйган инсон бу – онажоним ҳисобланади.
Аллоҳга шукр, тақдиримда фақат яхши устозлар битилган бахтли инсонларданман.
33 йил аввал юрагимда мактаб ва таълимга муҳаббат уруғини қадаган азиз инсоним – биринчи ўқитувчимиз энг гўзал ва энг дилбар Дилфуза КОЗИМОВА (Бухоро шаҳар 16-мактаб ўқитувчиси, ҳозир нафақада). Биз эса уларнинг биринчи ўқувчилари эдик.
Биринчи ўқиш кунлариданоқ бутун синф устозимизни яхши кўриб қолганмиз. Очиғи, дам олиш кунларида ҳам устозни соғинардик. Худди байрамга бораётгандек мактабга ошиқардик.
Устозимиз ёш бўлишига қарамай, кучли болалар психологи ҳамда ўз касбининг ҳақиқий фидойиси эканлигини энди англаяпман.
Мактабда ҳар кун ўзгача байрам шукуҳини яратарди. Уйда рангли қоғозлардан турли кўргазмали материаллар тайёрлаб, ўқувчилар учун турли хил торт ва пишириқлар пишириб, синфда тарқатганларини ҳанузгача эслайман.
Ёзувим жуда хунук бўлган, қўлимдан ушлаб, эринмасдан бирга машқ қилардик. Ўша дамларни эсласам, сабр-матонатларига тан бераман. Устозимиз “Баракалла”, “Сен эплайсан”, “Минг яша” деган сўзлар билан сийларди.
Ёшлигимда айрим ҳарфлар талаффузида тутилардим. Шу сабабли дарсдан кейин қолиб “Н” “Т”, “Д” товушлари талаффузини бирга машқ қилардик. Мен учун уйда ёдлаб келиш учун тез айтиш ва кичик матнлар ёзилган карточкалар тайёрлаб берарди.
Байрам ва тадбирларда ҳар бир ўқувчининг қобилиятига қараб, кимгадир узун, кимгадир осон шеър ва монологлар бериб, ҳамма ўқувчини бирдек хурсанд қиларди. “Утренник”ларни интиқлик билан кутиб, шеърларни дарсдан кейин бирга ёдлар эдик.
Ўқувчиларни адабиётга ошно қилиш учун китоб ўқиганларни, шеър ёдлаганларни алоҳида совғалар билан рағбатлантирардилар.
Ҳар бир ўқувчининг уйига бориб, ота-онаси билан суҳбатлашганларини эслаймиз. 2- ёки 3-синфмиди, аниқ эсимда йўқ, туғилган кунимда уйимизга келиб, менга ўйинчоқ машина совға қилганлар, буни умрбод эслаб юраман!
Бундан ташқари, юқори синфларда математикага меҳр уйғотиб, дарсликдан ташқари мураккаб мисол-масалалар билан ақлимизни чархлаган устозим САНОБАР КАРИМОВАни, инглиз тили фанидан сабоқ берган устозим - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маориф ходими МУСАЛЛАМ САТТАРОВАни, адабиёт фанига ошно қилган УМРИЯ АХМЕДОВА ва ТОШБИБИ ФАРМАНОВА (барчалари Бухоро шаҳар 16-мактабда ишлаганлар, ҳозир нафақада)ларни ҳам мени “одам қилган” устозлар қаторида тан оламан.
Яна бир ҳолат ҳеч қачон эсимдан чиқмайди: 7-синфда ўқиб юрган давримда оддий синфдан инглиз тилига ихтисослашган синфига ўтиш учун директор ўринбосари ТАМАРА ТЕРАКОПОВАнинг қабулига кирганман. “Менинг орзуим Дипломатия университетига кириш, орзуимни рўёбга чиқариш учун ихтисослашган синфда ўқишим керак” деганимда, қўлимдан ушлаб мактаб директори РИНАТ МИРХАНОВ хонасига олиб кирган. Иккалалари ҳам “фақат Дипломатияга киришга ваъда берасан” деб мени ўша кунни ўзидаёқ ихтисослашган синфга ўтказишган. 14 яшар ўқувчининг бир оғиз гапини инобатга олиб, унга ишонч билдирган ва катта ҳаёт учун тиргак бўлган бу устозларим ҳам бир умр ёдимда қолган.
Мактабда, ундан кейин С.Х.Сирожиддинов номидаги академик лицей ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳам фидойи ва закий устозлар тарбиясини олишга муяссар бўлганман. Юқорида устозларимнинг ҳаммасини номма-ном эслаб ўтишга улгурмаган бўлсам-да, барчаларидан беҳад миннатдорман.
Аслида эслаб қадрлашга арзигулик гаплар жуда кўп, фақат айрим ҳолатларни эсладим, холос.
Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда – “Бир томчи сувни катта ҳаёт йўлига олиб чиқиб қўйган чархпалак” устозларимиз заҳматини ҳеч қачон оқлай олмаймиз. Барча устозларимиздан умрбод қарздормиз.