ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДАГИ БАРЧА МАКТАБЛАР ЯГОНА ERP ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ ОРҚАЛИ БОШҚАРИЛАДИ

27 январь 2022 йил
image

Халқ таълими тизимида маълумотлар алмашувини автоматлаштириш ва бошқариш мақсадида ягона дастурий комплекс - ERP ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалда кенг жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Enterprise Resource Planning – ташкилот ёки муассасанинг мавжуд бўлган ресурслари ҳамда жараёнларни режалаштириш ва бошқариш деган маънони англатади. 

Халқ таълими тизимида ушбу тизимнинг жорий этилиши амалдаги жараёнларни автоматлаштириш, ҳужжат алмашинувларини электронлаштириш, тизим ходимларига рақамлаштириш орқали қатор енгилликлар яратиш, давлат бюджет маблағларини ортиқча сарфланишининг олдини олиш, инсон омилини камайтириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш жараёнида юзага келиш мумкин бўлган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда маълумот алмашинувида шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.

ERP платформаси 1-синфга қабул жараёнида ўқувчилар рўйхатини электрон  шакллантириш, ўқув соатларини белгилаш, педагогларга соат бириктириш, малака тоифаларини мониторинг қилиш, ходимларга иш ҳақини белгилаш, табель ҳисобини олиб бориш каби бир қатор қулайликларни тақдим этади.

Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, умумтаълим мактаблари бошқарув ходимлари дастурий мажмуанинг асосий фойдаланувчилари ҳисобланади. ERP тизими бошқа вазирлик ва давлат идораларининг ахборот тизимлари ҳамда маълумот базалари билан интеграция қилинмоқда.

Бугунги кунда халқ таълими тизимидаги 10 000 дан ортиқ умумтаълим мактабларини ERP га улаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Эндиликда мазкур мактаблардаги 700 мингдан ортиқ ходим ва 6,2 млн. нафардан зиёд ўқувчига оид маълумотларни ушбу платформа орқали онлайн юритилиши тўлиқ йўлга қўйилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu