МАКТАБЛАРДАГИ ТАЪЛИМ СИФАТИНИ КЎТАРИШНИНГ ТАЯНЧ НУҚТАСИ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ КАСБИЙ САВИЯСИГА БОҒЛИҚ

6 сентябрь 2022 йил
image

Афсоналарда баён этилишича, оғир юкларни кўтариш ва силжитишга доир мувафаққиятли тажрибаларидан руҳланиб кетган буюк олим Архимед: «Менга таянч нуқтасини берингиз, ерни силжитаман», деб айтган экан. Мактаб таълими сифатини оширишни нимадан бошлаш керак? Бу “оғир юк”нинг таянч нуқтаси қаерда?

Мактаблардаги таълим сифатини кўтаришнинг таянч нуқтаси ўқитувчиларнинг касбий савиясига боғлиқ эканлигини барчамиз яхши биламиз. Шу боисдан ҳам мактабларимиздаги таълим сифатини ошириш учун педагоглар тайёрлаш сифатини ошириш ва мазкур сифатни уларнинг бутун касбий фаолияти давомида такомиллаштириб бориш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг: “Мен доим айтганман ва яна қайтараман, биз учун биринчи ўринда таълим, таълим ва яна таълим туради. Фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз”, – деган пурмаъно фикрларини ўқиб, ҳақиқатдан ҳам, юртбошимиз томонидан берилаётган алоҳида эътибор туфайли таълимни ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганига ва мазкур сиёсатнинг изчиллигига амин бўламиз.

Хабарингиз бор, Президентимизнинг “2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва уларда бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш мақсадида замонавий таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга асосий эътибор қаратилди.

Фармон ва қарорларда мамлакатимизда педагоглар тайёрлаш тизимини замон талабларига мос равишда трансформация қилишнинг мажмуавий чора-тадбирлари белгилаб берилди. Жумладан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таълим сифатини ошириш, университет фаолиятига илғор таълим дастурларини жорий қилиш ҳамда замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлашнинг тизими йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, педагогика университети ва институтларида таълим сифатини ошириш, замонавий талабларга жавоб бера оладиган рақобатбардош педагог кадрлар тайёрлашни таъминлаш мақсадида:

педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2 — 4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида, шу жумладан дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилишини таъминлаш;

ўқув жараёнига талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш ва ижодий фикрлаш кўникмаларни шакллантиришга қаратилган методикаларни жорий қилиш;

малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда педагоглар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълимининг ўқув-режалари ва дастурларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ҳамда халқаро талаблар асосида такомиллаштириш вазифалари қўйилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu