Kundalik.com ота-оналар ва мактаб ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида жорий қилинган таълим ресурси саналади

6 сентябрь 2022 йил
image

Kundalik.com — рақамли таълим платформаси бўлиб, ўқитувчилар учун онлайн режимда дарсларни режалаштириш, дарс ишланмаларини тузиш, ўқувчиларнинг давомати ва ютуқларини журнал ҳамда кундаликнинг электрон шаклларида юритиш имконини яратади. Унинг ёрдамида статистик ҳисоботлар автоматик тарзда юритилади ва қўлда ёзиш шарт эмаслиги боис вақт беҳуда сарфлашнинг олди олинади. 

Мазкур тизим Ўзбекистоннинг ички интернет тармоғи — TAS-IX ҳудудида жойлашганлиги сабабли платформа билан ишлашда уяли алоқа операторлари орқали фойдаланиладиган интернет-трафик сарфланмайди. Шу билан бирга тизим интернет тармоғи етиб борган ва яхши алоқа сифати таъминланган ҳудудлардаги мактабларгагина жорий қилинган. Табиийки, интернет алоқаси мавжуд бўлмаган (масалан, тоғли қишлоқлар) ҳудудлардаги мактаблар анънавий кундалик дафтарларидан фойдаланиши давом этмоқда.

Kundalik.com мажбурийми?

Kundalik.com тизимига обуна бўлиш ота-оналар учун ихтиёрий саналади. Фойдаланувчилар тўғрисидаги барча маълумотлар “Ўзбектелеком” серверларида сақланади. Бу эса ўқув жараёнларига алоқадор барча иштирокчиларнинг шахсий маълумотлари ишончли ҳимояда эканлигини англатади.

Мазкур тизимнинг афзалликлари шундаки, бу орқали, аввало, ўқитувчининг вақти тежалади, уларга электрон журналдан фойдаланиш бепул тақдим этилади. Мисол сифатида айтиш лозимки, қатор ривожланган мамлакатлар ўқитувчилари бунинг ёрдамида ҳар чоракда 20 соатдан ортиқ иш вақтини тежайди. Мазкур тежалган вақтни эса ўқитувчи болалар билан ижодий шуғулланишга ёки қўшимча ўқув материалларини ўзлаштиришга сарфлаши мумкин.

Тизимга аъзо бўлиш нархи қанча?

Kundalik.com лойиҳаси тўлиқ хусусий шерикчилик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, дастурий маҳсулотни яратиш, уни мактабларга жорий этиш, сақлаш ва ривожлантириш учун бюджет маблағлари сарфланмайди.

Мазкур электрон кундаликнинг нархи Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан қоғоз кундалик нархига мос тарзда белгиланган ҳамда йилдан йилга арзонлаштирилиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилда унинг йиллик обуна нархи (365 кун) 9200 сўм этиб белгиланган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 8600 сўмни, 2022 йилда 8000 сўмни ташкил этмоқда.

Ота-оналар учун қандай қулайликлари бор?

Таъкидлаш лозимки, Kundalik.com тизими ота-оналар учун қатор қулайликларни яратади. Жумладан, онлайн тарзда:

• фарзандларининг дарсга қатнашаётгани;
• дарсни қай даражада ўзлаштириб бораётгани;
• эртанги кунги уй вазифалари хусусида тезкор маълумотларга эга бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Kundalik.com тизими ўқитувчилар ва ота-оналарнинг ўзаро мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлашда ишончли кўприк бўлиб хизмат қилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu