Ҳурматли ўзбек ва қардош тилларда дарс бериладиган мактабларда дарс берадиган рус тили фани ўқитувчилари!
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар хақида”ги Қарорига мувофиқ, таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларида дарс бераётган ҳамда С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 2022 йил 1 февралдан бошлаб 50% устама олиши белгиланган.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, хусусан Telegram’даги “С1 вместе с МГУ” каби каналларда рус тили ўқитувчиларидан 6300 Россия рубли эвазига ТРКИ имтиҳони ўтказиб, ТРКИ С1 сертификатини ваъда қилиш ҳоллари учрамоқда ва бу хусусда рус тили фани ўқитувчиларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ушбу мурожаатларни ўрганиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги М.В. Ломоносов номидаги Москва Давлат Университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан боғланганда бундай тадбирларга Москва Давлат Университининг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва бу маълумот ёлғон эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Университет томонидан расмий хат ҳам юборилган.
Шунингдек, Москва Давлат Университети сертификацион имтиҳонларни ўзининг Тошкент филиалида 2022 йилнинг март ойидан бошлаб ўтказишни режалаштирилганлиги билдирилган.