Жорий йил тест синовлари натижаларига оид ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган фикрларга Халқ таълими вазирлигининг расмий муносабати

24 август 2022 йил
image

Айни вақтда ижтимоий тармоқлар орқали абитуриентларнинг 2022 йилда олий таълим муассасаларига кириш бўйича тест синови натижалари кенг жамоатчилик вакиллари томонидан атрофлича муҳокама этилмоқда.

Ҳурматли юртдошлар!

Албатта, давлатимиз равнақи ва келажаги, халқимизнинг фаравон турмуш тарзини таъминлашда бугунги ёш авлод камолотининг ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигини барчамиз яхши англаб турибмиз. Шу боисдан бу борада куюнчаклик билан билдирилаётган турли фикр-мулоҳазаларнинг ҳам жуда ўринли эканлигини таъкидлаб ўтамиз.

Муҳокама қилинаётган кўрсаткичлар барча тест синовларида қатнашган 1 миллиондан ортиқ абитуриентларнинг натижалари эканлигига ҳам эътиборни қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу ўринда, бир қатор таҳлилий ҳолатларга эътибор қаратсак:

2022 йилги тест синовларида иштирок этган жами абитуриентларнинг 386 523 нафар ёки 24 фоизи жорий йилги мактаб битирувчиларини ташкил этади. 810 мингдан ортиқ ёки 76% абитуриентлар касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар битирувчилари ва энг асосий қисми олдинги йиллар давомида олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган ёшлардан иборат.

2021 йилда битирувчиларнинг ўртача бали (самарадорлик кўрсаткичи) 2020 йилга нисбатан 69,8 баллдан 74,9 баллга, яъни,+5.1 баллга ошган. Шунингдек, паст натижа кўрсатган (56,7 баллдан кам) битирувчиларнинг улуши 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийиб -13% ёки -35 232 нафарга камайган. 
Жумладан, 2020 йилда 56.7 баллдан паст натижа кўрсатган битирувчи-ўқувчилар 138 780 нафар (ёки 46%)ни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 103 548 нафар (ёки 33%)ни ташкил этган.

Албатта, ҳозирги кундаги мактаб битирувчиларининг билими ва кўникмалари паст эканлигини қайд этиш керак. Ҳозирги кунда мактаб таълимида таълим мазмунини янгилаш ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш бўйича бошланган қадамлар, секин-асталик билан битирувчиларнинг даражасига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлаймиз.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишни истардикки, ҳозирги вақтда Халқ таълими вазирлиги томонидан Давлат тест маркази билан ҳамкорликда битирувчиларнинг мактаб якуний давлат имтиҳонлари натижаларига кўра олий таълим муассасаларига киришини ташкил этиш, мактаб битирув имтиҳонларини унификациялаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот учун: 2022 йилги мактаб битирувчиларининг тест синовларида эгаллаган ўртача балл кўрсаткичлари Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жорий йилнинг октябрь ойида тўлиқ таҳлил этилади ва жамоатчиликка етказилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu