Таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Соҳага ажратилаётган маблағларнинг манзилли ишлатилиши ҳамда ишларнинг тизимли ташкил этилиши натижасида республикамизнинг барча ҳудудларида янги мактаблар бунёд этилмоқда, мавжудлари реконструкция қилинмоқда ёки мукаммал таъмирланмоқда.
Келтириб ўтилган мазкур қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун жами 3,1 трлн.сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланган бўлиб, бу ишлар қизғин жараёнда олиб борилмоқда.
Жумладан:
• Инвестиция дастури доирасида — 342 та;
• Вазирлар Маҳкамаси Раёсат мажлисининг тегишли баёнига асосан — 128 та;
• “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан — 262 та;
• Президентнинг ҳудудларга ташрифи давомида белгиланган қўшимча 56 та умумтаълим мактабларида шу каби кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Яна бир хайрли ташаббус сифатида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида ҳам юртимиздаги қатор умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Очиқ бюджет” портали орқали шу йилнинг ўзида юртимиздаги 873 та умумтаълим мактабларини қурилиш-таъмирлаш бўйича халқимиз томонидан ташаббус кўрсатилган. Унга кўра, 302,1 млрд. қийматга эга шартнома тузилган бўлиб, бугунга қадар 196,2 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилган бўлиб, бу ишлар давом этмоқда. Умумҳисобда жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган умумтаълим мактаблари сони 1500 тадан ортиқни ташкил этмоқда.