Бойсун туманидаги олис ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларида бошқа ҳудуддан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларга ижара пуллари тўланмаганлиги юзасидан МУНОСАБАТ

19 июль 2022 йил
image

Жорий йил 17 июль куни Human.uz таҳририяти томонидан “Туман халқ таълими бўлими шу кунгача пайсалга солиб, алдаб келди” мавзусида эълон қилинган мақолада Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги олис ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларида бошқа ҳудуддан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларга ижара пуллари тўланмаганлиги баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940-сонли қарорига мувофиқ олис ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларига ишга қабул қилинган бошқа ҳудудда яшовчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун компенсация тўловлари маҳаллий бюджетлар ҳисобидан, олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

Бойсун туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида 19 нафар бошқа ҳудуддан келиб фаолият юритаётган ходимлар базавий тариф ставкаларига махсус устамалар ойма-ой тўланиб келинмоқда. 2021-2022 ўқув йили учун жами 679,0 млн.сўмлик тўловлар амалга оширилган.
Мазкур Президент қарорида белгиланган уй-жойларни ижарага олганлик учун компенсация тўловларини ўз вақтида ажратилишини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан 2022 йил 3 февралида Сурхондарё вилояти ҳокимлигига мурожаат қилинган.

Шунингдек, ушбу масала юзасидан Бойсун туман халқ таълими бўлими ҳам тумандаги 19 нафар бошқа ҳудуддан келиб фаолият юритаётган ходимларга тегишли тўловларни (йиллик 92,3 млн.сўм) тўлаб берилиши юзасидан туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Шунга қарамасдан, бугунги кунга қадар ушбу мақсадлар учун тегишли маблағлар ажратилмасдан қолган.

Шу ўринда, таълим сифатини ошириш мақсадида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларда бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчилар учун тўланиши белгиланган бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун компенсация тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўланишини маҳаллий ҳокимликлар томонидан назоратга олиниши, келгусида бундай ҳолатларни юзага келишини олдини олиш бўйича Бойсун тумани ҳокимлигига мурожаат қилинди.

Ушбу масалани атрофлича ўрганиш ва тегишли тўловларни тўлаб берилиши вазирлик томонидан назоратга олинган бўлиб, тезкор чоралар кўрилмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu