Кеча хабар қилганимиздек, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Президентимизнинг халқ таълими тизимини ривожлантириш борасида белгилаб берган вазифалари ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишда мактаб директорларининг масъулиятини ошириш ҳамда янги ўқув йили олдидан режаларни белгилаб олиш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда.
Фарғона шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоров иштирокида ўтган навбатдаги учрашувда (960 та) мактаб директорлари билан биргаликда вилоятда Ҳудудий кенгаш томонидан таълим тизимида амалга ошрилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Бундай мулоқотлар мамлакат тараққиёти, юртимиз келажаги бўлган 6,2 млндан ортиқ ўқувчига сифатли таълим бериш, маънавий етук инсон этиб тарбиялашда мактабнинг, хусусан директор ва педагогларнинг масъулиятини оширишга қаратилган.
Шу билан бирга, мактаб таълимини ривожлантириш борасида қабул қилинган Қарор ва Фармонлар мактабларгача етиб бориб, амалда ижросини таъминлаш, ҳар бир педагог, ўқувчи, ота-онага соҳадаги ижобий ўзгаришларни намоён этиш орқали жамиятни ўзгартириш мақсадлари белгиланди.
“Мактабда муҳит ўзгарса — оилада, маҳаллада муҳит ўзгаради, бу бутун жамиятга ижобий таъсир кўрсатади” — дея таъкидлади вазир.
Мактаб раҳбарларининг масъулияти ҳақида алоҳида тўхталар экан вазир “Фарғона вилояти мактабларида таълим олаётган 672 мингдан ортиқ ўқувчиларнинг келажаги учун масъулмиз, ота-оналар бизга ишониб ўз фарзандларини топширган, умид билан мактабга берган, 11 йил таълим олиб, мактабни битирганда маънавий етук инсон этиб тарбиялаш бурчимиздир, буни ҳар бир мактаб директори англаб етиши зарур” — дея таъкидлади.
Учрашувда Фарғона вилояти мактабларида таълим сифати, ижтимоий -маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, битирувчиларни маънавий етук, фаровон ҳаётга эришиш учун аниқ мақсад ва тўғри касб танлаш юзасидан мактаб психологларининг масъулиятини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Мулоқотда мактаб таълимини келгуси 5 йиллик ривожлантириш миллий дастури ва унда белгиланган вазифалар, соҳа ходимларига яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда директорларнинг мактаб таълим сифатини яхшилаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Вазирнинг мактаб директорлари билан навбвтдаги учрашуви Наманган вилоятида ўтказилади.