Муддат : 25.06.2022 18:00
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4805-сон қарорининг 9-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда ҳар йили илғор хорижий тажриба асосида таълим муассасалари учун кимё ва биология фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов эълон қилади.
Танловнинг мақсади − кимё ва биология фанлари йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ошириш, таълим муассасалари учун илғор хорижий тажриба асосида замонавий ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ҳамда илм-фан натижаларидан фойдаланишда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Низомга мувофиқ жорий йилда умумий ўрта таълим муассасалари учун кимё ва биология фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил этилади.
Танловда иштирок этиш учун топшириладиган ҳужжатлар рўйхати:
- Танловда иштирок этиш учун танлов комиссияси номига ариза.
- Муаллиф ёки муаллифлар гуруҳи аъзоларининг маълумотномаси (объективкаси).
- Танловга топширилаётган ўқув ва илмий адабиётларни Давлат таълим стандарти, ўқув режа ва дастурлари нусхалари.
- Танловга топширилаётган ўқув ва илмий адабиётларни илмий ёки таълим ташкилотларининг илмий (методик) Кенгаш йиғилишлари муҳокамасидан ўтганлиги тўғрисидаги баённомасидан кўчирмаси.
- Ўқув ва илмий адабиётлар қўлёзмасининг электрон ва қоғоз шаклидаги нусхаси.
Эслатма: Танловда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатган ва кўрсатаётган ўқитувчилар, педагог ходимлар, Фанлар академияси ва унинг тасарруфидаги илмий ташкилотларда фаолият юритган ва юритаётган фан мутахассислари, илмий ходимлар, муаллифлар гуруҳи ҳамда мустақил изланувчилар (ёши чекланмаган ҳолда) қатнашишлари мумкин.
Танловда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш муддати: танлов эълон қилинган кундан бошлаб 2022 йил 25 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (100174, Тошкент ш., Олмазор тумани, Университет кўчаси, 7-уй)га юборилади.
Аризалар edu@mininnovation.uz электрон почта манзилига “Кимё ва биология фанларидан миллий танловга” сарлавҳа билан юборилиши лозим.
Маълумот учун телефон: (99871) 203-32-31 (245).
Кўрсатилган муддатдан кейин топширилган аризалар танловга қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди! Шунингдек, аввалги танловларга топширилган адабиётлар қайта танловга қабул қилинмайди!
Ғолиб муаллиф ёки муаллифлар гуруҳи Инновацион ривожланиш вазирлиги 100 миллион сўмдан бир марталик мукофот пуллари билан тақдирланади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати