2022-2023 ўқув йилида республика умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига 700 мингдан ортиқ болаларни қабул қилиш режалаштирилган.
Ота-оналарга қуйлайлик яратиш ва қабул жараёнларини тартибли ташкил этиш мақсадида 1-синфга қабул 2 босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич - жорий йилнинг 20 июнидан 31 июлга қадар маҳаллий ҳокимлик қарорлари билан мактабларга бириктирилган микроҳудуд бўйича амалга оширилади.
Иккинчи босқич - жорий йилнинг 1-15 август кунлари микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари умумтаълим мактабларининг ўқувчи ўрни, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг етарли эканлигини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Аввалги йиллар тажрибасидан келиб чиқиб ҳамда белгиланган Президент қарорларига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги жами 25 та шаҳар ва туманлардаги 816 та умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА амалга оширилади.
Бунда, ушбу ҳудудларда ота-оналар уйдан чиқмаган ҳолда my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, 20 июндан - 31 июлгача бириктирилган микроҳудуд доирасида ҳамда 1 августдан 15 августга қадар микроҳудуддан ташқари фарзандларини мактабга жойлаштириши мумкин бўлади.
Қолган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул белгиланган тартибда АНЪАНАВИЙ ШАКЛДА, яъни бевосита мактабда амалга оширилади. Бунда ота-оналар тўғридан-тўғри мактаб қабул комиссиясига мурожаат этишлари мумкин бўлади.
Чет эл фуқароларининг фарзандлари ҳудудий бошқармалар орқали белгиланган тартибда умумтаълим мактабларига қабул қилинади.
Нодавлат таълим муассасаларига қабул жараёнлари ўзлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Барча ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига қабул жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича штаблар ташкил этилади.
Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтамиз!
“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг (9-моддаси)га асосан бола 7️ ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Яъни бу йил 1-синфларга 2015 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
Олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Электрон қабул жараёнлари юзасидан саволлар юзага келган тақдирда Вазирликнинг call марказига 71-203-07-04 рақамлари орқали мурожаат этишингиз мумкин.
Қабул жараёнлари ҳақида қўшимча маълумот олиш учун мактаб маъмуриятига мурожаат қилишингиз мумкин.
Қонунчиликка мувофиқ, умумий ўрта таълим мажбурийлигини инобатга олиб, хеч бир бола таълимга жалб этилмасдан қолмайди, Сизлардан мактаб ёшидаги фарзандларингизни умумтаълим мактабига жойлаштириш учун белгиланган муддатларда мурожаат этишингизни сўраб қоламиз.
1-синфга қабул жараёнлари ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА амалга ошириладиган 25 та шаҳар ва туманлар рўйхати
Юклаб олиш