2020 йилдан бошлаб Миллий ўқув дастури лойиҳаси доирасида халқаро тажриба ҳамда меҳнат бозори талабларини ҳисобга олган ҳолда, умумтаълим мактаблари учун 22 та фандан, хусусан, рус тили фанидан замонавий таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда илғор методикаларни, баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Миллий ўқув дастури асосида яратилган Рус тили дарсликларида энди фанни хорижий тил сифатида ўқитишга, ўқувчида ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, фикрни ёзма ва оғзаки тарзда ифодалай олиш каби 4 та кўникмани шакллантиришга эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги Республика таълим маркази ҳамда A.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ҳамкорлигида Ўзбекистондаги мактабларда рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишнинг сифатини оширишга қаратилган “Зўр!” лойиҳаси доирасида таълим ўзбек ва қардош тилларида олиб бориладиган мактабларнинг 2-11-синф дарсликлари яратилди ва чоп этилмоқда.
Aҳамиятли жиҳати, дарсликда ўқувчининг тинглаб тушуниш кўникмасини ривожлантириш мақсадида аудиоматнларга ҳам мурожаат қилинган. Болалар дарслик учун яратилган AР иловаси орқали аудиоларни тинглашлари, агар тинглашнинг имкони бўлмаса матн шаклида ўқишлари мумкин.
2-синфдан 11-синфгача бўлган рус тили дарсликларининг ҳар бирида янги мавзуни визуал қабул қилишнинг афзалликларини инобатга олган ҳолда, кўплаб расмлардан фойдаланилган. Ҳар бир синф дарслигига 2 тадан лойиҳа иши, дарсликнинг охирида 7 та тилдаги луғат ҳам киритилган.
Бугун, 17 июнь куни Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 110-мактабда россиялик ҳамда ўзбекистонлик муаллифлар иштирокида ўқитувчилар учун мазкур дарсликларнинг тақдимоти ўтказилди.
Республика таълим маркази
Ахборот хизмати