1 июнь — “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ҳар йили республикамиз бўйлаб ташкил қилинадиган байрам тадбирларида барча болалар сингари имконияти чекланган ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши анъанага айланган.
Ушбу байрам муносабати билан жорий йилнинг 31 май-1 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида вазирлик ва идоралар томонидан турли байрам тадбирлари ташкил этилмоқда, унда 10 000 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар қамраб олиниши режалаштирилган.
Бугунги кунда республикамиздаги 86 та имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда якунига етган ўқув йилида 21 685 нафар ақлий ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болалар таълим олади. Шунингдек, ногиронлиги сабабли мактаб ва мактаб-интернатларда таълим олиш имконияти эга бўлмаган 14 059 нафар ўқувчи уй таълимига жалб этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов тариқасида инклюзив таълим тизими жорий этилган бўлиб, 31 та мактабларда ташкил қилинган 43 та инклюзив синфларда 85 нафар бола тенгқурларидан кам бўлмаган ҳолда таълим олмоқда. Бундан ташқари 6 та “Меҳрибонлик уйлари”, 3 та SOS болалар маҳаллаларида 650 нафар, 121 та Оилавий болалар уйларида эса 770 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола тарбияланмоқда.