Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Aлоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарорига асосан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Республика бўйича 31 та умумтаълим мактабларида тажриба-синов тариқасида инклюзив таълим ташкил этилди. Ушбу мактабларда жами 85 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар таълим олмоқда. Улар орасида эшитишда, кўришда нуқсони бўлган, интеллектуал ривожланишнинг потенциал бузилмаган имкониятлари билан руҳий ривожланишда орқада қолган, аутистик спектри бузилган, нутқида оғир нуқсонлар бўлган, таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган ва бошқа ташхисли болалар таҳсил олади.
Бундан ташқари Нукус, Aндижон, Когон ва Урганч шаҳарларидаги 4 та умумтаълим мактабларида бошланғич таянч коррекцион синфлари ташкил қилинган бўлиб, ушбу синфларга бир хил ташхисли 35 нафар бола қамраб олинган.
2021-2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида ташкил этилган инклюзив ҳамда бошланғич таянч коррекцион синфларда республика бўйича 53 нафар бошланғич синф ўқитувчилари фаолият олиб борди.
Бугун Тошкент шаҳридаги инклюзив синфларда таҳсил олган бошланғич синф ўқитувчиларига инклюзив таълимни ривожлантириш борасидаги амалга оширган самарали меҳнати, фидойилиги ва ёш авлодга бераётган таълим-тарбиясидаги ютуқлари ва инновацион технологияларини татбиқ этишда фаоллиги учун Халқ таълими вазирининг ташаккурномалари топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу синовнинг илк даврида алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни мактаб шароитига мослаштириш мақсадида ўқитувчилар ота-оналар билан ҳамкорликда ишлади. Ҳар бир дарс амалий, кўргазмали қуроллар ҳамда ўйин фаолиятига боғлаб ташкил қилинди. Дарс давомида ўқувчиларда толиқиб қолиш аломатлари кузатилган ўқувчига мактаб психологи томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Ўқувчилар орасида дўстона муносабат муҳитини шакллантириш мақсадида ҳожатхона ҳамда ошхонага алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчи билан соғлом ўқувчи биргаликда юборилди. Ҳар бир эришилган кичик натижа юқори баҳоланди. Ота-оналар билан ўрнатилган мунтазам алоқа натижасида алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчиларнинг қизиқишлари аниқланди.
Айтиш жоизки бугунги кунда ота-оналар фарзандини мактабда соғлом болалар билан биргаликда эканлигидан мамнунлигини изҳор қилмоқда. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган бугун мактабга боришни истайди, уларнинг тенгдошлари билан дўстона муносабати ўрнатилган.
Хулоса ўрнида 2021-2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида ташкил қилинган инклюзив ҳамда бошланғич таянч коррекцион синфлар ижобий натижасини кўрсатди дейиш мумкин. 2022-2023 ўқув йили учун Республикадаги барча туманлардан биттадан умумтаълим мактабида инклюзив синфлар очиш мақсад қилинган.