Аввал хабар берилганидек, халқ таълими тизимида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси доирасида дунёнинг тўртта йирик аудиторлик консалтинг компанияларидан бири бўлган KPMG халқаро компанияси томонидан антикоррупцион «комплаенс-назорат» тизими жорий этилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни» муносабати билан «Аксилкоррупция ҳафталиги» доирасида ўтказилаётган тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида KPMG халқаро аудиторлик компанияси, БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси вакиллари ҳамда Халқ таълими вазирлиги ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ходимлари учун «Халқ таълими тизимида коррупциянинг олдини олиш ва ҳалолликни таъминлаш», Чироқчи тумани умумий ўрта таълим муассасаларининг 8-9-синф ўқувчилари ўртасида «Инсоф ва ҳалоллик» мавзуларида семинар машғулотлари ўтказилди. Семинар машғулотларида ходимлар ҳамда ёшлар ўртасида коррупциянинг салбий оқибатлари, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш тўғрисида асосий тушунчалар етказилди. Семинар иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга халқаро ҳамкорлар томонидан батафсил жавоб берилди.