Аввал хабар берганимиздек, 12-15 май кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган XVIII халқаро футбол турнирида Меҳрибонлик уйларининг 11-12 ёшли тарбияланувчиларидан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этиб, мусобақанинг мутлақ ғолиблигини қўлга киритган эди.
Бугун Халқаро аэропортда ғолиблар тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг Халқ таълими вазирлигида вазир ва ғолиб ўқувчиларнинг учрашуви ўтказилиб, эсдалик совғалари топширилди.
8 та ўйиннинг барчасини ғалаба билан якунлаган болалар вазир билан суҳбатда ўзларининг ҳаяжонлари билан ўртоқлашдилар. Вазир уларни ғалаба билан қутлар экан, мураббийларига алоҳида миннатдорлик билдирди ҳамда болаларни профессионал футбол билан шуғулланишлари учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.
Жамоа энди декабрь ойида Россияда бўлиб ўтадиган футзал бўйича халқаро турнирда қатнашади.