ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН УСТОЗЛАРИ” ЛОЙИҲАСИНИ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

9 апрель 2021 йил
image

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда бошқа ҳудудлардан  маҳоратли ўқитувчиларни жалб этиш орқали таълим сифатини оширишга эришиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги “Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳасини эълон қилади.  

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 январь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, 2021 йилнинг 1 мартидан таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилиниши белгиланган. Унга кўра жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар бошқа вилоятга бориб ишласа 100 фоиз, бошқа туманга бориб ишласа 50 фоиз устама белгиланган.

photo2021-04-0917-09-16.jpg

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим сифати паст мактаблар рўйхати шакллантирилди ва тасдиқланди. Ушбу рўйхатга ўтган ўқув йилида таълим даражаси паст бўлган (битирувчилари ОТМга кирмаган, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилари мавжуд бўлмаган ҳамда мактабларнинг Миллий рейтингида паст натижа кўрсатган, давлат аккредитациясидан аттестациядан ўта олмаган) 1409 та мактаб киритилди.

 Ўтган йилги “Устоз-2020” танловини ўтказилганинг ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, “Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳасини амалга ошириш учун ҳам “Ўқитувчилар Ассоциацияси” нодавлат ташкилоти жалб қилинди. Танловни шаффоф ва адолатли ўтказиш учун Ассоциация экспертлари жалб қилинади. 

Бошқа ҳудуддаги таълим сифати паст мактабларга бориб ишлашни хоҳловчи педагоглар энг аввало олий ёки биринчи малака тоифасига эга бўлиши, камида бир йиллик педагогик стажга эга бўлиши керак. Шундан сўнг, талабгор www.ustozfondi.uz электрон платформасида рўйхатдан ўтади ва ариза шаклини тўлдиради. Экспертлар томонидан электрон ариза ўрганиб чиқилиб, талабгор “ZOOM” дастури орқали суҳбатга таклиф қилинади. Суҳбат давомида талабгорнинг фаолиятидаги ютуқлари, психологик тайёргарлиги баҳоланади. Баҳолаш якунлари бўйича экспертларнинг хулосалари жорий йилнинг 1 июнига қадар эълон қилинади. 

photo2021-04-0917-09-17-2.jpg

“Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳаси бўйича танлаб олинган устозлар кейинги ўқув йилидан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабларида ўқувчиларга дарс беришни бошлайди. 

“Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳасининг тақдимоти вазирликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Очиқ мулоқот тарзида тўғридан-тўғри эфирга узатилиб, ўқитувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu