ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАРДА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ СИФАТИНИ ТУБДАН ОШИРИШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАРГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

17 январь 2022 йил
image

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мактабларда, айниқса ихтисослаштирилган мактабларда таълим ва тарбия сифатини тубдан ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Президент: "Ихтисослашган мактаблар таълим, илм ва амалиётни ўзига қамраб олган ягона кластер доирасида фаолият юритиши керак"

Президент ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини таҳлил қилар экан, ҳозирги кунда халқ таълими тизимида ихтисослашган мактаблар сони 790 тага етганини таъкидланди. Жумладан, хорижий тиллар бўйича 207 та, математика ва физика бўйича 126 та, IT бўйича 99 та, кимё-биология фанлари бўйича 87 та мактаб.

Ушбу мактабларнинг фақат 135 таси тўлиқ ихтисослашган ва интернат мақомига эга. Қолган 655 та мактабдаги 25 фоиз синфларда у ёки бу фанлар чуқур ўргатилади. 

"Шу билан бирга, ушбу 655 та ихтисослашган мактабда таълим дастури, ўқув дарсликлари, ўқитиш методикаси, фан тўгараклари оддий мактаблардан деярли фарқ қилмайди.

Мисол учун, математика ёки чет тилига ихтисослашган синфларда қолганларга нисбатан 2 соат кўпроқ махсус фан ўтилади, холос. 2025 йилга қадар ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга етказишни ва экспорт ҳажмини 30 миллиард доллардан оширишни режа қилганмиз.

Бунинг учун бизга, энг аввало, ҳозирги замон талабларига мос келадиган ва зарур билимлар билан қуролланган, мантиқий фикрлайдиган, лидерлик қобилиятига эга бўлган ватанпарвар ёш авлодни тайёрлашимиз керак", - деди Президентимиз йиғилишда.

Шу муносабат билан соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларига ишни қуйидаги йўналишларда ташкил этиш топширилди:

- янги ўқув йилидан бошлаб, вилоят марказларидан, катта шаҳар ва туманлардан 2 тадан, туман ва шаҳарлардан 1 тадан ихтисослашган мактаблар Халқ таълими вазирлигидан Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилади;

- бунда, туман ва шаҳарлардаги саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланганлиги, бу ҳудудларда азалдан кучли ўқитилган фанлардан келиб чиқиб, мактаблар ихтисослашиши керак;

 - бундан буён ихтисослашган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари ихтисослашган мактаблар фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, бундай мактабларда:

- ўқувчилар халқаро таълим дастурлари асосида замонавий ўқув дарсликлари билан таъминланади;

- 9-синфга келиб ўқувчилар камида 1 та хорижий тил бўйича миллий ва халқаро сертификат олишлари таъминланади;

- юқори синф ўқувчиларининг бевосита корхоналарда амалиёт ўташи тизими жорий қилинади;

- мактабларга ихтисослигидан келиб чиқиб Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтлари ва олийгоҳларнинг кафедралари бириктирилади.

"Умуман, ихтисослашган мактаблар таълим, илм ва амалиётни ўзига қамраб олган ягона кластер доирасида фаолият юритиши керак", деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мактабларда, айниқса ихтисослаштирилган мактабларда таълим ва тарбия сифатини тубдан ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu