“ГЕОГРАФИЯ” ДАРС СОАТЛАРИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ЮЗАСИДАН ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА КЎТАРИЛГАН ЭЪТИРОЗЛАРГА МУНОСАБАТ

18 январь 2022 йил
image

Ўқитувчилар нимадан норози?

Миллий ўқув дастурига кўра, 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб, 1-6-синфларда ягона “Табиий фанлар” (Science) фани жорий қилиниши белгиланган (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги ПҚ 4805-сонли қарори (https://lex.uz/docs/4945470)).

Янги фан география, биология, физика, кимё ҳамда астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Эндиликда бу фанларга оид билим ва кўникмалар ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантирилади. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда “Табиий фанлар” фани орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланди. 

Ўқувчилар бошланғич синфларда етарли кўникма ва малакага эга бўлишлари учун, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан, 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик “Табиий фанлар” киритилди. 

Ўз навбатида, қолган ҳафталик 3 соат “Табиий фанлар” доирасида 2-, 3-, 4-синфларга ўтказилди. Яъни, бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилди. 

Мактабда география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқаргани йўқ.  

Бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар “Табиий фанлар”га сингдирилган, умуман дастурда эса, география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 та мавзуга, яъни 96 та мавзуга кўпайган.

 Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар, асоссиз. 

Жаҳон тажрибасида қандай?

“Табиий фанлар” жаҳондаги аксарият ривожланган давлатларда ўқитилади. Хусусан, Буюк Британия тажрибаси ўрганилганида, табиий фанлар 1-6-синфларда интеграция қилинган ҳолда, ягона фан сифатида ўқитилади.

Табиий фанларнинг қуйи синфларда қўшиб ўқитилиши ўқувчига оламни бир бутун тасаввур қилиш, фанларга оид мавзулар кесимида лойиҳа ишларини амалга ошириб, тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, танқидий фикрлаш қобилиятларини яхшилаш, уларни ижодкорликка йўналтиришга хизмат қилади. 

Миллий ўқув дастури доирасида таълим мазмунида амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар иқтисодиёт соҳаларига халқаро андозалар асосида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаши билан ўқувчилар учун манфаатлидир.

Янги фан киритилиши ўқитувчиларга қандай имконият яратади?

Миллий ўқув дастурида айнан География фани ҳафталик 8 соат дарс ўтишлиши белгиланган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, география фани ўқитувчиларида “Табиий фанлар” йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган тақдирда, 11 соат дарс бериш имконияти пайдо бўлади (натижада, амалдаги ҳафталик 10 соат ўрнига, 11 соат беришлари мумкин).

Шу билан бирга, Вазирлик дастурни халқаро талаблар асосида замонавийлаштириш бўйича ўз олдига қўйилган вазифаларни инобатга олган ҳолда, ўқувчиларда иқтисодий билимларни янада ошириш мақсадида қўшимча соат ажратиш бўйича имкониятларни ўрганмоқда. 

Мазкур йўналишда қўшимча дарс жорий қилинса, бу ҳам география ўқитувчилари учун қўшимча имконият бўлади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu