Жорий йилнинг 14 апрель куни Ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида 168 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ташкил этилиши белгиланди.
Агентлик мактабларида Президент мактаблари тажрибасидан келиб чиқиб, ўқув жараёни халқаро таълим дастурлари асосида тайёрланган замонавий дарсликлар асосида олиб борилади, ўқувчилар хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириши учун зарур шарт-шароит ва таълим муҳитини яратилади, мазкур жараёнга хорижий ҳамда маҳаллий педагог кадрларни жалб қилинади, сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этилади.
2022/2023 ўқув йилида Агентлик мактабларига ўқувчилар танлов асосида, янги аниқ фанлар йўналишига 5 - 11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7 - 11-синфларга қабул амалга оширилади.
Мазкур танловларда биринчи навбатда шу мактабда таълим олаётган ўқувчилар тўлиқ иштирок этади ва уларни барчасига танловда қатнашишга имконият берилади.
Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида ғолиб бўлган (1, 2, 3-ўрин) умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудудида жойлашган Агентлик мактабларига умумий қабул параметрлари доирасида кириш имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.
Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларини бошқа таълим муассасаларига кўчириш бўйича кўрсатма берилмаган.
Шу ўринда, мактаб маъмуриятларидан шошма-шошарлик билан ота-оналар ўртасида норозиликларни келтириб чиқармасликлари, ўқув йилини ушбу мактабда тўлиқ якунлашлари бўйича тегишли тушунтириш ишлари олиб боришлари сўралади.
Ҳурматли ота-оналар!
Ортиқча безовта бўлмасдан, ўқув йилини тўлиқ якунлаб, Агентлик томонидан эълон қилинган танловларда муваффақиятли иштирок этишингизни сўраб қоламиз.