Жорий йилнинг 21 апрель куни Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 103-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Моҳир қўллардан — меҳрли қўлларга” шиори остида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Ярмаркани ташкил этишдан асосий мақсад имконияти чекланган ўқувчиларнинг касб-ҳунар орқали даромад топишларини рағбатлантириш саналади.
Меҳнат ярмаркасидан ўқувчилар қўл меҳнати билан тайёрланган, кундалик ҳаётда зарур бўладиган уй-рўзғор анжомлари, қандолатчилик маҳсулотлари, тасвирий санъат намуналари, тикувчилик, тўқувчилик буюмлари, замонавий кийим-кечаклар ўрин олди.
Ўқувчилар сартарошлик, қандолатчилик, дурадгорлик, тўқувчилик, тикувчилик, косиблик анжомларини ўзлари таълим олаётган мактаб-интернатининг махсус ўқув-амалиёт хоналарида ясаган.
Ҳунарманд ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, буюмлар кўргазмага қўйилиш билан чекланиб қолмасдан, улар сотувга ҳам чиқарила бошлагани меҳнат ярмаркаси иштирокчилари томонидан алоҳида эътироф этилди.
Тадбир сўнгида ҳунар ўрганишга қизиқадиган ўқувчилар билан индивидуал шуғулланиб, уларни қўл меҳнатига ўргатиб, касб-ҳунарга йўналтираётган ўқитувчи ва мураббийлар тақдирланди.
Ярмаркага ташриф буюрувчилар томонидан ўқувчиларнинг қўл меҳнати билан ясалган қарийб 10 миллион сўмлик буюмлар харид қилинди. Ушбу маблағлар ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганишларини янада ривожлантириш учун ҳом-ашёлар харид қилишга сарфланади.