Жорий йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Қарорга кўра, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-интилишларини амалга ошириш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқараётган, чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиб, муҳим ғоя ва ташаббусларни илгари сураётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Мазкур мукофотга сазовор бўлганлар орасида халқ таълими тизидаги муассасаларда таълим олаётган 2 нафар иқтидорли ўқувчилар ҳам бор.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 7 март куни Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан учрашди ва иқтидорли ўқувчи қизларни келгусида ўқишда, илмий ва ижодий фаолиятида ҳам тенгдошларига ибрат бўлиб, ўз тажрибаларини ёшлар билан ўртоқлашишга чақирди.
Шунингдек, нуфузли Давлат мукофотига сазовор бўлган иқтидорли ўқувчи қизларни табриклаб, уларнинг ота-онаси ҳамда устозларига миннатдорчилик билдирди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган ўқувчилар:
Муштарий Бегим Шоназарова – Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси,
Маҳбуба Халилова – Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактабнинг 12-синф ўқувчиси.