Вазирлик тизимдаги таълим ташкилотлари педагог кадрлари малака синовидан ўтказилмоқда

29 октябрь 2024 йил
image

Хабар қилинганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрлари малака тест синовларидан ўтказилади.

Синов жараёнлари бугун — 29 октябр куни Республика миқёсида бошланди ҳамда 16 ноябрга қадар давом этади.

(Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлигининг тегишли қўшма қарорига мувофиқ, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг мутахассислик ва жисмоний тарбия фанлари педагог кадрлари 16 ноябрь куни ушбу синовларда иштирок этади)

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти таълим муассасалари педагоглари иштирокидаги аттестация синовлари пойтахтимизда жойлашган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказида ташкил этилмоқда.

2024 йил 19-25 октябрь кунлари аттестациядан ўтувчи педагогларни ушбу малака синовларига тайёрлаш мақсадида онлайн репетиция ўтказилди. Бунда педагоглар тест синовлари топшириладиган махсус платформадан фойдаланиш тартиби ҳамда намунавий тест саволлари билан атрофлича танишишди.

Янги тартибга кўра синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланади:

Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади.

Иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади.

Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.

Синов материаллари соҳа мутахассислари, олимлар ва амалиётчи педагогларни жалб қилган ҳолда тестологи меъёрлари асосида ишлаб чиқилди.

Белгиланган мезонлар асосида 56 та мутахассислик фани бўйича 3 та (ўзбек, рус, қорақалпоқ) тилда, бошланғич синф ўқитувчилари учун 7 та (ўзбек, рус, қорақалпоқ, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз) тилда, Маданият вазирлиги тизимидаги синовларда қатнашаётган таълим муассасалари педагоглари учун кўп вариантлилик асосида назорат саволлари банки шакллантирилди.

Жорий синовларда иштирок этиш учун 190 мингдан ортиқ талабгор педагоглардан ариза келиб тушган. Улардан 153 минг нафардан ортиғи тест синовларида қатнашиши кутилмоқда.

Аттестация натижалари QR-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.

Аттестация натижасига кўра, педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун УзАСБО ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.

Маълумот учун: жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилган аттестация натижаларига кўра, синовда иштирок этган педагогларнинг 9 104 нафарига (4,7 фоиз) олий тоифа, 25 725 нафарига (13,2 фоиз) биринчи малака тоифа ҳамда 47 665 нафарига (24,5 фоиз) иккинчи малака тоифалари берилди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Ушбу аттестация синовлари айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортиши ва бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда таълим сифатининг янада ошишига хизмат қилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu