Франция: Ўзбекистондаги мактаблар ва боғчаларда француз тилини ўқитиш бўйича қатор келишувларга эришилди

7 октябрь 2024 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Францияда бўлиб ўтган Халқаро Франкофония ташкилотининг 19-саммитида иштирок этди.

Мазкур саммит доирасида вазир Ҳилола Умарова ва Kokoro Lingua компанияси асосчиси Натали Ласслет ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ушбу учрашувда томонлар Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида 5-6 ёшли болалар учун инновацион Kokoro Lingua платформаси ёрдамида болаларга француз тилини ўргатиш масалаларини муҳокама қилинди.

Муҳокамалар якунида келгуси бир йил давомида 12 та мактабгача таълим ташкилотларида бепул тарзда француз тилини ўқитиш бўйича келишув имзоланди.

Маълумот учун: Kokoro Lingua - болалар учун тил ўргатиш бўйича инновацион халқаро компания ҳисобланади.

Учрашувлар давомида вазир Ҳилола Умарова France Education International ташкилоти Бош директори Оливе Брандуи билан ҳам учрашди.

Унда француз томони билан Ўзбекистондаги француз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва тренер ўқитувчиларни тайёрлаш, ўқитувчилар алмашув дастурини жорий қилиш ҳамда Ўзбекистонда француз тили тестларини (DELF junior, DALF) жорий қилиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.

Маълумот учун: France Education Internationa 1945 йилда ташкил топган бўлиб, ташкилотнинг асосий фаолият йўналишларидан бири  тил бўйича сертификатлаш ва тестлар тузишдан иборат.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu