Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида "Вазир соати” бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, куни кеча педагоглар билан учрашувда Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросига тўхталиб ўтди.
Хусусан, эндиликда педагоглар малакасини оширишнинг “вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғча” вертикал тизимини йўлга қўйилиши, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг ҳар бир ҳудудий марказ директорларига бир нафардан чет эллик эксперт маслаҳатчи сифатида бириктирилишини айтиб ўтди.
Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари томонидан иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича имзоланга қарор асосида вазирлик тизимида Ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.
Аҳамиятлиси, эндиликда халқаро олимпиада терма жамоа раҳбарлари халқаро олимпиадаларда эришилган ҳар бир олтин, кумуш, бронза медаллари учун тегишлича БҲМнинг 35, 25, 15 баравари миқдорида рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари учун бериладиган пул мукофотлари даромад солиғидан озод қилинади.