Мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро мувофиқлаштирилади

2 октябрь 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида “вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғча” вертикал тизимини яратиш, “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларини босқичма-босқич жорий этиш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижроси масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, куни кеча Давлатимиз раҳбарининг педагоглар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказган учрашувида белгиланган муҳим масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Хусусан, эндиликда педагоглар малакасини оширишнинг “вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғча” вертикал тизимини йўлга қўйилиши, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг ҳар бир ҳудудий  марказ директорларига бир нафардан чет эллик эксперт маслаҳатчи сифатида бириктирилишини айтиб ўтди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарорига асосан “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.

Ушбу тадбирларни сифатли амалга ошириш учун жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари 87 920 нафар фан ўқитувчи “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари доирасида ўқитилади. Ҳудудлардаги барча масъуллар учун ушбу тадбирларни ўтказиш бўйича ўқув семинарлар ташкил этилди.

Вазир ўз сўзи давомида мазкур масалага масъулиятсизлик билан қараётган ҳудудлардаги мавжуд муаммоларга атрофлича тўхталиб ўтди ҳамда уларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича ҳудудий масъулларга зарур кўрсатмалар берди.

Йиғилишда педагогларни қўшимча рағбатлантириш бўйича амалга ошириладиган кейинги масалалар ҳақида ҳам сўз борди. Айтилганидек, кейинги йилдан бошлаб халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.

Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари томонидан иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича имзоланга қарор асосида вазирлик тизимида Ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.

Аҳамиятлиси, эндиликда халқаро олимпиада терма жамоа раҳбарлари халқаро олимпиадаларда эришилган ҳар бир олтин, кумуш, бронза медаллари учун тегишлича БҲМнинг 35, 25, 15 баравари миқдорида рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари учун бериладиган пул мукофотлари даромад солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, “Турон” театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоалари ташкил қилинади, мактаб ўқувчилари ўртасида турли мавзуларда иншолар, ёзма ишлар танловлари мунтазам ўтказиб борилади.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича имзоланган Фармонда белгиланган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Мазкур Фармонга кўра, мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро узвийлиги ва мувофиқлиги таъминланади.

Мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячи-методист лавозими негизида директори ўринбосари лавозими жорий этилади ҳамда уларга лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu