Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 1 октябрь — "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирларнинг биринчи кунига старт берилди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, маданият ва таълим масканларида байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган мактабгача, мактаб таълими муассасалари ходимлари, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ҳамда бошқа юксак давлат мукофотларига эга педагоглар, узоқ йиллар тизимда фаолият юритган устозлар, таълим фидойилари ва масъуллари иштирок этди.
Иштирокчилар кун аввалида Олий Мажлис Сенати ҳамда сенаторлар иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Қизғин мулоқотлар шаклида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Сенати қўмита раислари — Одилжон Иминов, Малика Қодирхонова, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев сўнгги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида муҳим ўзгаришлар кузатилаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Мулоқот давомида педагоглар тизимдаги ушбу ижобий янгиланиш ва ўзгаришлар устоз-мураббийларимизнинг ўз касбига муносабати, масъулиятини янада оширишда катта туртки бериб, соҳа ривожига катта ҳисса қўшаётганлигини таъкидлади.