Дунё халқлари адабиётининг намоёндалари ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар рукни доирасида Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 33-мактабда Марказий Осиё халқлари адабиётининг машҳур намоёндаси Чингиз Айтматовнинг адабий меросига бағишланган бадиий-адабий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Дилшод Кенжаев, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тойир, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ҳамда адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев иштирок этди.
Тадбирда Чингиз Айтматовнинг адабий меросининг дунё адабиётидаги ўрни юзасида фикрлар алмашилди. Мактаб ўқувчилари томонидан серқирра ижодкорнинг «Жер она» асари асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шу билан бирга «Манас» достонидан парчалар ўқиб эшиттирилди. Ўқувчи-қизлар «Қирғизбий» қирғиз халқ рақсини маҳорат билан ижро этди.Тадбир доирасида йиғилганлар томонидан Чингиз Айтматов бюсти пойига гулдасталар қўйилди.