Жорий йилнинг июн-июл ойлари “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови ўтказилади

14 июнь 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида  давлат мактабгача таълим ташкилотлари методист ва тарбиячилари ўртасидаги “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловини ўтказиш, Ўзбекистоннинг PISA 2025 тадқиқотида иштирокини ташкил этиш жараёнлари ҳамда ижро интизоми масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга ўтишдан олдин жорий йилнинг апрел-май ойларида бўлиб ўтган вазирлик тизимидаги педагогларни аттестациядан ўтказиш жараёнларига тўхталиб ўтди. 
Қайд этилганидек, ушбу синовларда 189 858 нафар ўқитувчи иштирок этди ҳамда уларнинг 33 035 нафари ёки 17,4 фоизи мажбурий, 156 823 нафари ёки 82,6 фоизи навбатдан ташқари аттестацияларда қатнашди. Жараёнларни шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашда вазирлик ва унинг тизимидаги барча ташкилотлар вакиллари ўз ваколатлари доирасида тизимли иш олиб боришди.
Йиғилишда муҳим масалалардан бири сифатида, давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган юқори малакали методист ва тарбиячилар ўртасида ўтказилиши белгиланган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловини ташкил этиш жараёнларига атрофлича тўхталиб ўтилди.
Айтилганидек, мазкур танловнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўрта-махсус маълумотли тарбиячилар олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига давлат гранти асосида ўқишга кириш имтиёзини қўлга киритишади.
Танлов жорий йилнинг 24 июнидан 26 июлига қадар 6 та номинацияда, туман (шаҳар), вилоят ва Республика босқичлари шаклида ўтказилади. Шу боисдан танлов жараёнларини сифатли ва шаффоф ташкил этиш, ҳакамлар ҳайъати таркибига кўп йиллик тажрибага эга, малакали педагоглардан танлаб олиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. 
Йиғилишда таъкидланганидек, юртимиз ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида Ўзбекистоннинг PISA 2025 тадқиқотида иштироки тўғрисида келишув шартномаси имзоланган. 
Шунингдек, ушбу йўналиш бўйича Сингапур таълим ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ҳозирда ташкилот экспертлари юртимиздаги мактаб директорларига тренинг машғулотлари ўтмоқда. 
Тизим масъулларига 2025 йил апрель-май ойларида ўтказиладиган тадқиқотнинг асосий синов жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш, синов материалларини халқаро талаблар асосида тайёрлаш бўйича зарур тавсиялар берилди. 
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu