Халқ таълими вазири Сўх тумани ҳокими билан бирга тумандаги 21-, 19-, 2-, 1-мактаб ҳамда Инвестиция дастури асосида қурилаётган замонавий мактабда бўлиб, таълим масканлари фаолиятини ўрганди.
Бахтиёр Саидов 21-мактабда ўқувчилар билан суҳбатлашиб, фаол иштирок этган ўқувчини компьютер билан тақдирлади. 6-синф ўқувчиларига бадиий китоблар тақдим этиб, мактабни компьютер синф тўплами билан таъминлаш бўйича масъулларга топшириқ берди.
Вазир 19-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, педагоглар томонидан олиб борилаётган тўгарак машғулотида иштирок этди. Сўнгра мактабдаги мавжуд муаммолар тингланиб, уч нафар ўқувчига ўринли таклифи учун компьютер совға қилди.
2- ва 1-умумтаълим мактабларида маҳалла аҳолиси мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Вазир билан суҳбатда фаоллик кўрсатган 2-мактабнинг аълочи ўқувчилари компьютер ва бадиий китоблар жамланмаси билан тақдирланди.
Шунингдек, Бағдод туманидан Сўх туманига келиб дарс бераётган 14-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси мурожаатига мувофиқ мазкур таълим муассасасини компьютер синфи тўплами билан таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқ берилди.
Сўх туманига ташриф чоғида ота- оналар ва маҳалла фаоллари билан алоҳида учрашув ўтказилиб, унда таълим тизимида ота-она ва маҳалланинг роли борасида фикр алмашилди. Бугунги кунда таълим тизими ривожланишида жамиятнинг таълим-тарбияга эътибори энг муҳим сармоядан бири ҳисобланади.