Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида педагог кадрлар малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, тизимдаги ўқув биноларини қуриш ва таъмирлаш, малака синовлари жараёнларини изчил давом эттириш, таълимни рақамлаштириш ва IT таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, ўқувчиларнинг билимли ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун педагогларнинг касбий билим ва маҳорати узлуксиз ошириб бориши зарурлиги ҳамда бу борада 2024 йилда 73 минг нафардан ортиқ педагогларнинг малакаси оширилганлигини таъкидлаб ўтди.
Айтилганидек, жорий йилда раҳбар ва педагог кадрларини касбий ривожлантириш йўналиши такомиллаштирилади, мактабгача ва мактаб таълимининг яхлит малака ошириш тизими ташкил этилиб, малака ошириш муассасалари моддий-техник базаси такомиллаштирилади.
Вазир ўз сўзида бу борадаги мавжуд муаммоларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтди ҳамда уларни тизимли ҳал этиш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.
Йиғилишда жорий йил қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган таълим муассаларида бу борада олиб борилаётган ишлар тилга олиб ўтилди. Хусусан, ўқув объектларини экспертизадан ўтказиш, уларни жиҳозлашга доир навбатдагаи масалалар муҳокама этилди.
Яна бир муҳим масала сифатида, таълимни рақамлаштириш ва IT таълимини ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлил этилди. Қайд этилганидек, ўтган икки йил давомида 6 500 дан ортиқ мактаблар синфхоналари замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланди, жорий йилда яна 1 114 та мактаб синфхоналари жиҳозланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, тизимдаги 160 та функцияни амалга ошириш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Йиғилишда айни кунларда қизғин давом этаётган педагогларни малака синовларидан ўтказиш жараёнлари хусусида ҳам зарур маълумотлар бериб ўтилди ҳамда мавжуд муаммолар муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида “7 май – Алоқачилар куни” муносабати билан вазирликнинг АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш бошқармаси бошлиғи Раббим Мусурмонов “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда масъул ходимлар “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди.
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.