“Умумтаълим мактабларида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш, истиқболдаги режалар” мавзусида ташкил этилган ўқув семинари бўлиб ўтмоқда

26 апрель 2024 йил
image

Айни дамда пойтахтимизда “Умумтаълим мактабларида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш, истиқболдаги режалар” мавзусида ташкил этилган ўқув семинари бўлиб ўтмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одил Абдураҳмонов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, зиёлилар, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларидан келган педагоглар иштирок этишди.

Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси:

Бугунги интернет ва сунъий интеллект асрида ёшларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланиш осон юмуш эмас - буни тан олиш керак.  Шундай мураккаб даврда ёш авлодни ўзликни англаган, маънан етук ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жуда муҳим ва бу жараёнда устозларимизнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. 

Ёшларимизни маънавий таҳдидлардан асраш, уларни камолотга етказишда энг катта масъулият айнан устозларимиз елкасига юкланади. Зеро, таълим тарбия билан чамбарчарс боғлиқ жараёндир.

Ҳилола Умарова, Мактабгача ва мактаб таълими вазири:

Бугун ёшларнинг онги ва қалби учун кураш кетмоқда ва бу мураккаб даврда тарбия масаласига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур.

Бугунги семинаримиздан кўзланган мақсад ҳам шу - биз бу орқали мактаблардаги тарбиявий ишларни замонавий методларда ташкил этиш, бунга масъул раҳбарларнинг иш услуби, малакасини оширишни ният қилганмиз.

Зеро, Янги Ўзбекистон болалари миллий қадриятларга асосланган ҳолда замонавий тарбияланиши зарур. Эскича ёндашувдаги шунчаки оғзаки панд-насиҳат эмас, илмий, компетенсиявий тарбия керак.

Шунингдек, тадбир давомида вазирлик томонидан тайёрланган “Ота-она – мураббий” китоби тақдимоти ҳам ташкил этилди.

Ота-оналар билан яқин ҳамкорликда ишлаш, уларга фарзандлар тарбиясида кўмаклашиш мақсадида тайёрланган ушбу услубий-методик қўлланмада ёшларни турли бузғунчи мафкуралардан ҳимоя қилиш, болаларимизда ўзини ўзи ҳимоя қилиш кўникмасини шакллантиришга доир муҳим тавсиялар ўрин олган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu