Жорий йилда Ўзбекистонда халқаро TALIS 2024 (The Teaching and Learning International Survey) тадқиқоти ўтказилади.
Тадқиқотда иштирок этиш учун мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари орасидан тасодифий репрезентативлик тамойили асосида 210 та мактаб танлаб олинган. Жорий йилнинг 4-18 апрель кунлари ўтказилаётган тадқиқот жараёнларида мазкур мактаблар директорлари ва уларда фаолият юритаётган 4507 нафар ўқитувчи иштирок этади.
TALIS - Ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ўрганиш халқаро тадқиқоти бўлиб, унда мактаб директорлари ва ўқитувчилар сўровнома тўлдириш орқали иштирок этади.
Тадқиқотда дунё бўйлаб 52 та (шундан таянч ўрта таълим (ISCED level 2) модули иштирокчилари 33 та) мамлакат қатнашмоқда. Ўзбекистон, Албания, Озарбайжон, Баҳрайн, Коста Рика, Германия, Монтонегро, Марокаш, Шимолий Македония, Сербия давлатлари қаторида янги иштирокчи сифатида қатнашмоқда.
Маълумот учун: Эртага “Долзарб мавзу” лойиҳаси орқали вазирлик мутахассислари билан шу мавзу доирасида мулоқот ташкил этилади. Унда TALIS 2024 тадқиқотининг асосий мақсади, ўтказилиш тартиби, сўровнома орқали қандай маълумотлар тўпланиши хусусида батафсил маълумот берилади.
Мулоқот вазирликнинг расмий каналлари орқали эълон қилинади.