Жорий йилнинг 25-27 март кунлари Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ўқувчиларидан иборат театр жамоалари иштирокида ўтказилган театр фестивали ниҳоясига етди.
Ўтган вақт давомида иштирокчи жамоалар томонидан пойтахтимиздаги Муқимий ва Ёш томошабинлар театрларида долзарб мавзуларни ўз ичига олган кўплаб спектакллар намойиш этилди.
Айниқса, “Бобур соғинчи”, “Бебаҳо хазина”, “Ўзбекистон буюк даҳолар юрти”, “Бебаҳо ёшлик”, “Танҳо қайиқ”, “Ибрат ҳаёти”, “Жаҳолат тўғрисида ривоят”, “Жалолиддин Мангуберди” спектакллари томошабинлар олқишига сазавор бўлди.
Бугун Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида “Театр – ибратхонадир” шиори остида ўтказилган мазкур фестивал иштирокчиларини тақдирлаш ҳамда унинг ёпилиш маросими ташкил этилди.
Катта санъат байрамига айланиб кетган тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, вазирлик ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги масъуллари, театр актёрлари, педагоглар ва ўқитувчилар иштирок этди.
Вазир ўз сўзида сўнгги йилларда санъат ва маданият соҳасида ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди. Ўтказилаётган мазкур театр фестивали ҳам ушбу ташаббуснинг мантиғий давоми сифатида катта аҳамиятга эгадир.
Қайд этилганидек, фестивал доирасида “Турон” ўқувчилар театр жамоалари томонилан 20 дан ортиқ спектакл, бадиий-мусиқий композициялар намойиш этилди.
Тадбирда театр фестивали иштирокчи жамоалари ҳамда 8 та номинация бўйича ғолибликни қўлга киритган мактаб ўқувчиларига вазирликнинг махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Фестивалнинг Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра:
“Долзарб мавзунинг саҳнавий талқини учун” номинацияси бўйича — Ибройим Юсупов ижод мактаби театр жамоаси (“Танҳо қайиқ” спектакли учун)
“Миллий анъана ва қадриятларни тараннум этгани учун” номинацияси бўйича — Бухоро Президент мактаби жамоаси (“Ўзбекистон буюк даҳолар юрти” спектакли учун)
“Энг яхши эркак роли учун” номинацияси бўйича — Термиз Президент мактаби театр жамоаси (“Бебаҳо ёшлик” спектаклидаги образ учун)
“Энг яхши аёл роли учун” номинацияси бўйича — Фарғона Президент мактаби жамоаси (“Туркистон болалари” спектаклидаги образ учун)
“Энг яхши спектакль” номинацияси бўйича — Абдулла Орипов мактаби жамоаси (“Илмдан ўзга нажот йўқ” спектакли учун)
“Энг яхши режиссёрлик иши” номинацияси бўйича — Навоий Президент мактаби театр жамоаси (“Замоннинг синган ойнаси ёки ўзимизнинг Қирол Лир” спектакли учун)
“Энг яхши театр жамоаси раҳбари” номинацияси бўйича — Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби театр жамоаси (“Шарқ аёли” бадиий мусиқий композицияси учун)
“Энг фаол театр жамоаси” номинацияси бўйича — Абдулла Қодирий ижод мактаби театр жамоаси (“Жадид боболарим”, III ренессанс алломалари) ғолиб, деб топилди.
Тадбир сўнггида таниқли театр актёрлари ва иштирокчилар фестивалнинг ўқувчилар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.