2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Менинг мактабим” лойиҳаси доирасида мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилади

23 февраль 2024 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Фармони қабул қилинди.

Унга кўра, 2024 йилда:

Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими қўшимча 1 000 та умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилиниб, фанлардаги амалий машғулотлар улуши 60 фоизгача оширилади;

7,5 минг нафар ёшлар замонавий касбларга ўқитилади, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилади.

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилади. Бунда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади;

умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификациялаш тизими жорий этилади. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши белгиланади;

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Шунингдек:

2024 йил 1 мартдан бошлаб:

Маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади;

“Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu