Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида умумтаълим мактаб ўқувчиларининг дарслардаги иштироки ва таълим-тарбиясини ташкил этишда ота-оналар ва маҳалла фаоллари ҳамкорлиги масалалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилди.
Инспектор-психологларнинг асосий вазифаси, ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини ташкил этишда мактаб жамоаларига яқиндан кўмаклашиш, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлашдан иборат.
Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Миллий гвардия ҳамкорлигида махсус Ишчи гуруҳ тузилди ҳамда бу борада келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.
Хусусан, эндиликда мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар, Чақириққа қадар ёшларни тайёрлаш бўйича ўринбосарлари, психолог ва синф раҳбарларининг ўқувчилар маънавиятини юксалтириш ва дарслардаги иштироки, таълим-тарбия ишларини ҳамоҳанг ташкил этишга доир масъулияти янада оширилади. Ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокидаги “мактаб — ота-она — маҳалла” ҳамкорлиги узвий ташкил этилади.
Шу мақсадда ўқувчиларнинг дарсда иштирок этиш кўрсаткичлари ҳаққонийлигини таъминлаш учун e.maktab электрон кундаликка ўқитувчилар ва синф раҳбарлари томонидан ўз вақтида қайдлар киритиб борилади.
Юртимиздаги мактаблар масъуллари томонидан ўқувчиларнинг яшаш манзилларига тезкор равишда “Огоҳлантириш хати” етказиш амалиёти жорий этилмоқда. Бу орқали дарсда иштирок этмаётган ўқувчиларнинг оила аъзоларининг масъули ва жавобгарлиги ҳам ошириш мақсад қилинган.
Ушбу “Огоҳлантириш хати”да ота-оналарнинг ўз фарзандларини мактабга боришларини таъминлаш масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасининг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилган.
Жумладан, фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим олишига тўсқинлик қилиш оқибатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддасига асосан қонуний жазо чоралари келтириб ўтилган.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун ҳар бир мактабга Миллий гвардия офицерлари бириктирилди.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида:
ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари;
Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунининг 51-моддасида:
вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ва бошқа қонуний вакиллари болаларининг умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки бошланғич профессионал таълим олишини таъминлаши шарт эканлиги келтириб ўтилган.
Ўқувчиларнинг дарсга келмаганлик сабабларини аниқлаш учун маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, инспектор-психолог ва бошқа масъул шахслар ўртасида “хабар бериш ва текшириш” тизими жорий қилинмоқда.
Ҳафтада камида бир маротаба Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари иштирокида болаларнинг маънавияти, тарбияси ва давомати бўйича маҳалла раисларининг ота-оналар билан учрашувларини ўтказиш амалиёти жорий этилмоқда.
Ўқувчиларнинг дарсда мунтазам иштирокини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун тўгарак ва машғулотларни кўпайтириш, ушбу жараёнларга ота-оналар ва ҳудуддаги фаол фуқароларни кенг жалб этиш бўйича бошқа қатор вазифалар белгиланган.
Тадбир сўнггида журналистларнинг мавзуга оид саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.