Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси бошлиғи Аманбай Оринбаев Кембриж Халқаро таълим дастури эксперти Стив Кинг билан учрашди. Мазкур учрашувда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова видео орқали, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистан Кожабаева иштирок этиб, Кембриж Халкаро таълим дастури бўйича ўз фикрларини билдирди.
Учрашув аввалида Президентимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътиборга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Сўнгра таълимдаги инновацион янгиликлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, мактабларда Кембриж Халқаро таълим дастурини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Янги ўқув йилидан Нукус шаҳридаги 46-мактабда илк маротаба Кембриж Халқаро таълим дастури асосида ўқитиш жараёнини йўлга қўйиш режага киритилди.
Учрашув сўнгида Кембриж Халқаро таълим дастурини ривожлантириш ҳамда режага киритилган ишлар ҳажмини кенгайтиришга келишиб олинди.