Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги мактаблар ўқитувчилари ўртасида математика ва кимё фанларидан ўтказилган “Лидер ўқитувчилар” ҳамда ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Робо-Cодинг” олимпиадасининг Республика босқичида ғолиб бўлган иштирокчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, Агентлик директори Алишер Уббиев иштирок этишди ҳамда ғолибларни самимий табриклашди.
Шунингдек, Агентлик тизимидаги мактабларнинг математика ва кимё фани ўқитувчилари ўртасида икки босқичли “лидер ўқитувчилар” олимпиадаси ташкил этилди.
Ушбу олимпиаданинг биринчи (ҳудудий) босқичи 2023 йил 25 ноябрь куни ҳудудларда ўтказилиб, ушбу жараёнда ҳар бир мактабдан 6 нафардан (3 нафар математика, 3 нафар кимё) жами 927 нафар ўқитувчи иштирок этишди. Бунда ҳар бир ҳудуддан 6 нафардан (3 нафар математика, 3 нафар кимё) жами 84 нафар ўқувчи иккинчи (Агентлик) босқичда иштирок этиш учун саралаб олинди.
Олимпиада натижаларига кўра математика фанидан биринчи ўринга Бухоро шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Аббос Муҳаммедов, иккинчи ўринга Нукус шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Камил Садиков, учинчи ўринга эса Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Мусохон Турсунов лойиқ деб топилди. Кимё фанидан ўтказилган синовларда эса, биринчи ўринни Навоий шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Дилшод Наркулов, иккинчи ўринни Марҳамат туман ихтисослаштирилган мактаб ўқиувчиси Омадилло Зокиров, учинчи ўринни Чуст туман ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Дониёр Тоҳиров қўлга киритди.
Шу билан бирга ҳар бир фан бўйича энг юқори ўринларни эгаллаган 10 нафардан ўқитувчилар ушбу фанларнинг Илмий қўмитаси (Scientific Committee) аъзолиги сертификатига ҳам эга бўлишди.
Илмий қўмита аъзолиги сертификати бир йил учун берилади ҳамда улар жорий йил давомида маҳаллаий ва халқаро олимпиадаларга ўқувчиларни тайёрлаш, олимпиада материалларини ишлаб чиқиш ва олимпиадаларнинг ташкил этишда иштирок этишади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг ижодий ва экспериментал қобилиятини ривожлантириш ҳамда қизиқишини рағбатлантириш мақсадида Агентлик тизимидаги мактаб ўқувчилари ўртасида сунъий интеллект ва робототехника йўналишлари бўйича икки босқичли Робо-кодлаш олимпиадаси ташкил этилди.
Робо-кодлаш олимпиадасининг Республика босқичи жорий йилнинг 5 январь куни Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабида ўтказилди.
Ушбу олимпиаданинг биринчи (ҳудудий) босқичи 2023 йил 9 декабрь куни ҳудудларда ўтказилиб, ушбу жараёнда ҳар бир мактабдан 4 нафардан ўқувчи 2 та жамоа (биринчи жамоа 5-6-7-8-синф ўқувчилари, иккинчи жамоа 9-10-11-синф ўқувчилари) шаклида жами 700 нафардан ортиқ ўқучи иштирок этишди. Бунда ҳар бир ҳудуддан 4 нафардан 2 та жамоа жами 56 нафар ўқувчи иккинчи (Агентлик) босқичда иштирок этиш учун саралаб олинди. Мазкур олимпиаданинг иккинчи (Агентлик) босқичи жорий йилнинг 5 январь куни Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда ўтказилди. Олимпиада якунлари бўйича бўйича 1-2-3-ўринларни эгаллаган 2 тадан жамоа ғолибликни қўлга киритишди.
Олимпиада натижаларига кўра 5-8 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган баҳсларда биринчи ўринни Бухоро шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Настаринбону Исматова ва Жахонгир Жўраев, иккинчи ўринни Нукус шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчилари Ислам Зинхайдаров ва Малика Хожамуратова, учинчи ўринни эса Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Усмонжон Муҳаммадалиев ва Искандар Содиқжонов қўлга киритишди. 9-11 синф ўқувчилари ўртасидаги баҳсларда эса биринчи ўринни Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Улуғбек Рахматуллаев ва Нозимжон Абдурахимов, иккинчи ўринни Нукус шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Бексултан Базарбаев ва Манзилбек Карлибаев, учинчи ўринни эса Фарғона шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Улуғбек Иброҳимов ва Абдулаҳад Набиев қўлга киритишди.