Вазир Ҳилола Умарова тизимдаги фаол ва ёш ўқитувчилар ҳамда иқтидорли ўқувчилар билан учрашди

21 декабрь 2023 йил
image

Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тизимдаги етук ёш педагоглар ҳамда иқтидорли ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро қизғин мулоқот шаклида ўтказилган тадбир аввалида вазир Ҳилола Умарова сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг билим ва қобилиятларини юксалтириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, ёшларнинг сифатли таълим олиши, келажакда ўз йўлини топишларига кўмаклашиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ташкил этилди. Ушбу таълим муассасаларнинг ўқувчилари дунёнинг топ олийгоҳларига қабул қилинмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Гўзалхон Ҳайдарова “Гарвард” ҳамда “Принcтон” олийгоҳларида 100 фоиз грант асосида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Жафар Арифжанов “California Institute of Technology” олийгоҳининг грантини ютган биринчи ўзбекистонлик талабага айланган бўлса, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Нозимбек Турғунбоев 120 дан ортиқ хорижий олийгоҳларнинг 6 миллион АҚШ долларли миқдоридаги грантларини қўлга киритди.

Ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида 2022 йилдан бошлаб, Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида ғолибликни қўлга киритган 70 нафар ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари Буюк Британияга таълим саёҳатига юборилди. Улар бир ҳафта давомида Кембриж, Оксфорд университетлари фаолияти билан яқиндан танишиш, Кембриж, Лондон, Винзор, Оксфорд шаҳарлари, Темза дарёси бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишди.

2022-2023 ўқув йилини муваффақиятли тамомлаган 13 911 нафар битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топширилди.

Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро олимпиадаларда ўқувчиларимиз 6 та олтин, 14 та кумуш, 17 та бронза медалини қўлга киритди.

“8-Кавказ Халқаро математика олимпиадаси”да жамоамиз вакиллари математика, физика ҳамда информатика фанларидан масофавий (онлайн) тарзда иштирок этиб 10 та кумуш, 8 та бронза медалларини қўлга киритди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда ёшларни ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда интелектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган 70 та лойиҳа ва 20 та танловларни ташкил этиш режалаштирилаётгани қайд этилди. Жумладан:

Бухоро шаҳрида илк маротаба Абу Али Ибн Сино номидаги Халқаро биология олимпиадаси ва Тошкент шаҳрида Туркий тилли давлатлар ўртасида Ал-Хоразмий номидаги  Халқаро математика олимпиадаси ташкил қилиш;

республика бўйича қўшимча 513 та умумтаълим мактабида ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишни жорий этиш;

Фарғона вилоятида “Баркамол авлод” болалар мактаблари учун IT хап яратиш каби қатор муҳим масалалар келгусида амалга оширилади.

Тадбирда жорий йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳамда вазир ўринбосарларига бириктирилган Тошкент шаҳридаги 41 нафар, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 146 нафар ёшлар билан ўтказилган учрашувларда ёшларнинг кўплаб муаммоларига ижобий ечим топилгани айтиб ўтилди.

 

Вазир Ҳилола Умарова учрашув давомида иштирокчилар томонидан берилган қатор саволлар, жумладан:

ёшларнинг вазир бўлиш учун инсон қандай хислатларга эга бўлиш кераклиги;

соҳа раҳбари сифатида тизимда қандай ўзгаришларни амалга оширгани;

келгуси йилга мўлжалланган режаларнинг энг муҳим учтаси қайсилар эканлиги;

жорий йилда амалёитга жорий этилган янги баҳолаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари;

мактаб битирув баҳоларининг олий ўқув юртларига киришдаги таъсири тўғрисидаги кўплаб саволларга батафсил жавоб бериб ўтди.

Учрашув сўнггида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари фаол ўқитувчи ва ўқувчилари, қатор мусобақа ва турнирлар ғолиблари вазирликнинг махсус Дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu