Сайт тест режимида ишламоқда

Педагог кадрларга малака тоифалари беришнинг янги тизими тажриба-синовдан ўтказилмоқда

5 декабрь 2023 йил
image

Хабар қилинганидек, бугун куннинг иккинчи ярмида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган педагог кадрларга малака тоифалари беришнинг янги тизимини тажриба-синовдан ўтказишга доир навбатдаги тест жараёнлари ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги 250 нафарга яқин мактаб ўқитувчилари онлайн шаклда жами 25 та фандан ва 2 та вариантда шакллантирилган тест синовларини топширишди. Яъни, синов жараёнлари 40 та мутахассислик фанидан ҳамда 10 та педагогик маҳоратни аниқлашга хизмат қилувчи тестлардан иборат.

Бўлиб ўтаётган тажриба-синов ишларидан асосий мақсад, малака синови материалларининг формати, баҳолаш мезонлари, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёрлари ҳамда бошқа муҳим жиҳатларини янада такомиллаштириш, аниқланган камчиликлар асосида малака тест жараёнларини сифатли ташкил этишдан иборатдир.

Мазкур жараёнларда иштирок этган педагогларнинг олган натижалари уларнинг малака тоифалари ёки лавозимга лойиқлиги масаласини кўриб чиқишга таъсир қилмайди. Ушбу натижалар тест топшириқларини янада такомиллаштириш ва таҳлил этишда фойдаланилади.

Тажриба-синов тест саволлари ва педагогик маҳорат бўйича назорат материаллари хорижий мамлакатлар, хусусан Бирлашган Араб Амирликлари ва Сингапур каби давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилди. Ҳозирда Бирлашган Араб Амирликлари билан бу борада кенг ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Тажриба-синов ўтказиш жараёнлари жорий йилнинг 7 декабрига қадар танлаб олинган туман ва шаҳар (Андижон шаҳри, Пахтаобод, Қораўзак, Олот, Бахмал, Ғаллаорол, Қамаши, Чироқчи, Конимех, Янги Наманган, Ургут, Бойсун, Шеробод, Сайхунобод, Сирдарё, Бўка, Оҳангарон, Олтиариқ, Ҳазорасп)лардаги педагоглар иштирокида давом этади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu