Ўсмирлик – бу болалар ва ота-оналар ўртасидаги муносабатлар учун жиддий синов давридир. Ушбу даврдан ўтиш мушкул, чунки йўқотишлар бўлиши мумкин. Аммо бу жараён қизиқарли ва ўзаро муносабатларни йўлга қўйса бўлади.
Ота-оналарга ўсмир ёшидаги фарзандларини тарбиялаш учун муҳим тавсиялар:
✅ Фарзандингиз билан доимий мулоқотда бўлинг. Ўсмирлик - мураккаб давр бўлгани учун бола билан доимий мулоқот қилиш муҳим ҳисобланади.
✅ Боладан унинг қизиқишлари, муаммолари ҳақида сўранг ва суҳбатлашинг. Фарзандингиз фикри, орзу ва мақсадларини қўллаб-қувватланг.
✅ Ишдан уйга қайтганингизда, бола нотўғри иш қилган бўлса ҳам, уни койиманг. Аввал бу ножўя ишнинг сабабини сўранг. Фарзандингиз кун давомида нима ишлар қилганига қизиқинг. Суҳбатлашгандан сўнг тўғри йўл кўрсатиб, дўстона насиҳат қилиш яхши самара беради.
✅ Ўсмирлар тарбиясида турли чекловлар, дўқ-пўписалар самарасиз бўлиб ва фарзандингиз учун хавфли эканлигини унутманг. Ҳаддан ташқари кўп тақиқ ва бола эркинлигини чеклаш ўсмирнинг агрессив бўлиб қолишига сабаб бўлади. Ўсмирлик даврида ота-она фарзанди билан кўпроқ музокара олиб борса, ижобий натижага эришилади. Тақиқлаш зарур бўлса, тақиқнинг сабабини тушунтиришга алоҳида вақт ажратинг. Агар бола норозилик билдиришни давом этса, у ҳолда сизга ҳам, унга ҳам мос келадиган ечим топишга ҳаракат қилинг.
✅ Болага унинг ҳаётидаги истиқболлар ва келажак ҳақида гапиринг. Фарзандингиз нимани хоҳлашини, ўз мақсадига қандай эришмоқчи эканлигини билиб олинг, унга аниқ ва реал ҳаракат режасини ишлаб чиқишга ёрдам беринг.
✅ Фарзандингиз билан жиддий мавзуларда суҳбатлашинг: ҳаёт нима? Ҳаётнинг маъноси нима? Дўстлик, севги, ўлим, хиёнат нима? Бу мавзулар ўсмирларни кўпроқ ўйлантиради. Ҳаётда нима муҳим эканлигини тушуниш учун жавоб излайди. Сиз учун қимматли нарсалар ва туйғулар ҳақида гапириб беринг. Ўз тажрибангизни, ўз фикрларингизни баҳам кўришдан эринманг. Аксар ҳолларда болага «маъруза» ўқишдан ва нима тўғри ва нима нотўғри эканлиги ҳақидаги насиҳатдан кўра, дилдан қилинган суҳбат афзалроқдир. Агар сиз ўсмир билан қийин мавзуларда суҳбатлашишдан қочсангиз, у жавобларни бошқа томондан - масалан, интернетда қидиришда давом этади. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар нафақат ишончсиз, балки хавфли бўлиб чиқиши ҳам мумкин.
✅ Бола ҳаёт гўзал, яшаш бахт эканлигини тушуниши учун қўлингиздан келган ҳамма нарсани қилинг. Болани ҳаётда оддий нарсалардан мисол учун табиат, одамлар билан мулоқот, дунёни ўрганишдан завқланишга ўргатиш муҳим. Ҳаётга муҳаббат уйғотишда ўзингиз намуна бўлинг. Сизнинг ҳаётга ижобий муносабатингиз, албатта, болага ўтади ва унда юзага келадиган қийинчиликларни енгишга ёрдам беради.
✅ Болага муваффақиятсизлик, ундан чиқиш йўллари ҳақида ҳам тушунча беринг. Муайян қийинчиликларни қандай енгиш кераклиги ҳақида тез-тез суҳбатлашинг. Инсонлар тажрибасидан муваффақиятсизлик ҳақида ва ўзига ишончни ошириш ҳақида ҳаётий мисоллар келтиринг.
✅ Фарзандингизга меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик кўрсатиб, унинг қўполлиги ортида нима борлигини аниқланг. Сизнинг меҳр, эътиборингиз, ғамхўрлигингиз, қўллаб-қувватлашингиз бола учун жуда муҳимдир.
✅ Болага эркинлик беришда эътиборли бўлинг. Ўсмир ҳали бунга тайёр бўлмаслиги мумкин. Шу боис бу жараённи аста-секинлик билан амалга оширинг. Унга мустақиллик беришдан аввал нима мумкину нима мумкин эмаслигини яхшилаб ўргатинг.
✅ Агар айрим сабабларга кўра бола билан тил топиша олмасангиз ўз вақтида мутахассис билан маслаҳатлашинг. Психолог билан индивидуал равишда бирга иш олиб боринг. Шундагина болангиз билан муносабатларингизда илиқлик, ишонч ва ҳамжиҳатликни тиклашга кўмак берадиган зарур кўникмаларга эга бўласиз.