Қадрли юртдошлар, азиз устоз ва мураббийлар!
Барчангизни чинакам миллий тантанамиз, ғурур ва ифтихоримиз бўлган Ўзбек тили байрами билан самимий муборакбод этаман.
Инсоният ўз миллий тилини “она тили” деб шарафлаши бежиз эмас.
Чунки бундай улуғ эътироф бизга ҳар лаҳзада ўз тилимизни онамиздек эъзозлаб, қадрлашимиз зарурлигини англатиб туради. Она тилимиз бизнинг жаҳонда алоҳида халқ, миллат сифатида мавжудлигимизни белгиловчи муҳим асослардан биридир.
Инсон туғилажак Ватани ва тилини танламайди – бу унга Яратган ато этган бебаҳо неъматлардир. Ана шу неъматларни қадрлаб, Ватанимиз тараққиёти, ўзбек тили равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилиш ва меҳнатларимиз самарасини кўриш саодати барчамизга насиб эцин!
Она тилимиз руҳиятимизга нур, тафаккуримизга ёғду, қалбимизга ғурур бахш этиб абадий гуллаб яшнасин!
Ўзбек тили байрами яна бир бор муборак бўлсин!
Ҳилола Умарова,
Мактабгача ва мактаб таълими вазири