Савол: Математика фани ўқитувчисиман. Малака тоифам биринчи. Яқинда халқаро сертификатни қўлга киритдим. Мен иккита мактабда ишлайман, соатбай ишлаётган мактабимда ҳам сертификат бўйича ойлик ҳисобланадими?
Ушбу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш ҳамда Молия-иқтисод департаментлари ва Юридик бўлими ходимлари жавоб беришди.
Жавоб: Жорий йилнинг 28 июль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 1 августдан бошлаб устама тўланадиган Сертификатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, ўзи дарс берадиган фани бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга умутаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларга (шу жумладан соатбай ва ўриндош) ҳар ойлик устама тўлаб берилади.
Бунда, ўқитувчи бир вақтнинг ўзида ҳам асосий, ҳам соатбай тарзда дарс берса, ўзи дарс берадиган фани бўйича тегишли даражадаги сертификат учун уларнинг барчасига ҳар ойлик устама тўловлари амалга оширилади.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, Сизга иккала мактабдан ҳам белгиланган миқдорда устама тўлаб берилади.