Сайт тест режимида ишламоқда

Ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар

28 сентябрь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитилиши ҳамда ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур мавзу бўйича вазирлик масъул ходими Элмурод Ахмадалиев қуйидагиларни маълум қилади:

Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги мавжуд умумтаълим мактабларининг 9 893 таси (98 фоиз)да 10-11-синфлар мавжуд бўлиб, уларда 783 851 нафар (шундан 365 784 нафари ўғил болалар, 418 067 нафари қизлар) ўқувчиларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилмоқда.

Бунда ўқувчилар иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, хусусан тарихчи олимлар, маънавиятчилар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тарихий-маданий масканлар ҳамда диққатга сазовор жойларга ташрифлари уюштирилиб, ўқувчи-ёшлар тарихий маълумотлар билан таништирилди.

Хусусан, пойтахтимизда жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тарихи Давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейларига 413 та таълим муассасасининг 13 842 нафар ўқувчилари иштирокида саёҳат тадбирлари ташкил этилди. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги музейларга 1 401 та таълим муассасаидан 88 389 нафар ўқувчиларнинг экскурсиялари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси ўқув жараёнини таъминлаш базасида умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синфларида таҳсил олаётган “Ватан таянчи” отряд аъзолари ўқувчи-ёшлари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаларининг республика босқичи ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча вилоятларидан келган жамоалар ўзаро беллашди.

Шижоатли беллашувлар, муросасиз ва қизғин баҳсларга бой бўлган ушбу ҳарбий-спорт мусобақасида ёшлар “Моҳир мерган”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Дуатлон”, “Сафда қўшиқ айтиш” ва “Темур тузуклари билимдони” каби шартлар бўйича ўзаро куч синашди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Самарқанд вилояти, 2-ўринни Тошкент шаҳри ва 3-ўринни Хоразм вилояти жамоаси қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Маълумот учун: бугунги кунда республика бўйича 177 мингдан ортиқ ўқувчиларни қамраб олган 9 минг 858 та “Ватан таянчи” отрядлари мавжуд.

Шу каби тадбирлардан яна бири — “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси жорий йилнинг 17-20 май кунлари Академик М. Мирзаев номли илмий тадқиқот институти дала майдонида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда ўтказилди.

Мусобақа доирасида республикамиздаги чегара олди ҳудудларда жойлашган 399 та умумтаълим мактабларидан жами 50 039 нафар ўқувчилар қамраб олинди. Мусобақанинг республика босқичида иштирок этувчи ўқувчилар “Темурийлар тарихи” давлат музейида бўлиб, бу ерда улар Соҳибқироннинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати ва шажараси хусусида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Бундан ташқари, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва унинг ҳудудидаги “Шон-шараф” давлат музейида бўлди. Мазкур мажмуа билан танишув давомида ўқувчиларимиз Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган юксак қаҳрамонлик намуналарига гувоҳ бўлдилар.

“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси Республикамизнинг чегараолди ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчиларни Ватанга муҳаббат ва ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни чегара хизматига қизиқтирган ҳолда босқичма-босқич тайёрлаб бориш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.

Республика босқичида жами 13 та ҳудуддан биттадан жамоалар ўзаро дўстона беллашди. Ўта қизғин ва баҳсли ўтган беллашувлар натижаларига кўра Андижон вилояти Пахтаобод тумани 31-мактабнинг "Сарҳад лочинлари" жамоаси 1-ўринни, Қашқадарё вилоят Нишон тумани 4-мактабнинг "Амир Темур издошлари" жамоаси 2-ўринни, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани 10-мактабнинг "Фидокор" жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг “Умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида” 2022 йил 9 июлдаги қўшма қарорга асосан жорий йилнинг 22-24 май кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейида “Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасинининг республика босқичи ўтказилди.

Мусобақанинг туман (шаҳар) босқичида умумтаълим мактабларининг 80 мингдан зиёд 9-11-синф ўқувчилари иштирок этди. Умумий натижаларга кўра, 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси, 2-ўрин Навоий вилояти ҳамда 3-ўрин Наманган вилояти жамоасига насиб этди.

Умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида тузилган “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари 8 791 та (87 фоиз)  умумтаълим мактабларида ташкил этилган бўлиб, уларга жами 74 418 нафар ўқувчи жалб этилган.

Мазкур ташаббус ўқувчиларда фавқулодда вазиятларда аҳолини қутқариш, жамоатчилик ҳаракатини тўғри йўналтиришга кўмаклашиш, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ёрдам бериш каби билим ва кўникмаларни ривожлантиришга кўмаклашади.

Мазкур клублар ўртасида ташкил этилган “Ёш қутқарувчи” мусобақаси 3 та босқичда ва 5 та шарт доирасида ўтказилди. Шу йилнинг апрел ойида вилоят босқичлари ўтказилиб, унда шаҳар-туман босқичларида ғолиб чиққан 200 дан зиёд умумтаълим мактабларидан 1 600 нафар ўқувчилар мусобақага жалб этилган.

Мусобақанинг республика босқичи жорий йилнинг 26-28 май кунлари Жиззах вилоятида ўтказилди. Умумий натижаларга кўра, Жиззах вилояти, Пахтакор тумани 2-мактаб жамоаси 1-ўрин, Фарғона вилояти Қувасой тумани 1-мактаб жамоаси 2-ўрин, Тошкент шаҳар Учтепа тумани 116-мактаб жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларидан иборат “Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари жорий йилнинг 17-23 июнь кунлари Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги «Спасск» ўқув марказида “Айбин” халқаро ҳарбий-ватанпарварлик йиғини иштирок этди.

Мусобақада 43 та жамоа вакиллари иштирок этиб, якунига кўра умумжамоа ҳисобида юртимиз вакиллари 2-ўринни қўлга киритди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu