"Ҳатто танаффус пайтида ҳам ўқувчилар мен билан тарих ҳақида гаплаша бошлашди"

25 сентябрь 2023 йил
image

Маҳмуд Ҳамраев ёш бўлишига қарамай кўплаб ўқувчилари қалбидан жой олган, уларнинг ҳурматига сазовор бўлган педагоглар сирасига киради. У Навоий шаҳар Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиётига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида тарих фанидан сабоқ беради. Маҳмуд Ҳамраев устоз ўқувчилари билан дўст тутиниши керак, деб ҳисоблайди. Мана шу тамойил билан педагог ўқувчиларини ўз ортидан эргаштира олди.

Тажрибали педагог ҳар бир дарсни замонавий технологиялардан фойдаланиб ўтгани учун мурғак қалбларга йўл топди, уларни илм-маърифатга ошно этди. — Ёшлигимдан тарих фанига жуда қизиққанман, — дейди Маҳмуд Ҳамраев. — Ҳар бир мавзуни қунт билан ўрганишга ҳаракат қилар эдим. Олий таълимни якунлагач, мактабда иш фаолиятимни бошладим. Ўқув йили бошида тарих фанига қизиқувчи ўқувчилар жуда ҳам кам эди. 4-5 та дарс ўтганимиздан кейин уларнинг сони кескин кўпайди. Ҳатто танаффус пайтида ҳам ўқувчилар мен билан тарих ҳақида гаплаша бошлашди. Ўқувчиларнинг тарих фанига қизиқишини кўриб, 27 нафар ёшлардан иборат синф ташкил этдик. Уларга дарс ўтиш қизиқарли бўлиш билан бирга катта масъулият ҳам юкларди. Иш жараёнида ўқувчиларим билан қадрдон бўлиб кетдик. “Бир ёқадан бош чиқариб” қилган меҳнатларимиз ўз самарасини берди. Не бахтки, уларнинг барчаси олий таълим муассасаси талабаси бўлди.

Ёш педагог 2022 йил Навоий давлат педагогика институтининг таянч доктарантура босқичига қабул қилинди. Ўтган ўқув йилида вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилган синовларда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди. Натижада маоши 1000 доллардан ошишига эришди. Бугунги кунда педагог дарс жараёнида ўзи яратган 20 дан ортиқ кўргазмали қуроллардан маҳорат билан фойдаланиб, ўқувчиларида ўзлаштириш самарадорлигининг ўсишига эришмоқда. Тинимсиз изланишлари натижасида ўқувчиларга пухта билим бермоқда. Ўқувчилари тарих фанидан шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Асосий жиҳатларидан бири шундаки, Маҳмуд Ҳамраев ўқувчиларни келажакда юртимиз учун етук мутахассис кадрлар қилиб тайёрлашдек муҳим вазифани адо этишни ўзининг педагогик ва инсонийлик бурчи деб ҳисоблайди.

Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu