ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ ЯККАСАРОЙ ТУМАНИДАГИ БИР ҚАТОР МАКТАБЛАРДА МАВЖУД ҲОЛАТНИ ЎРГАНДИ

12 апрель 2022 йил
image

Жорий йилнинг 12 апрель куни Халқ таълими вазири бошчилигидаги вазирлик ишчи гуруҳи пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги бир нечта таълим муассасаларида бўлди. 

Ўрганиш ишлари туманнинг 48-мактабидан бошланди. Таълим масканидаги мавжуд синфхоналар, кутубхона, спорт зал, мактаб ошхонасини кўздан кечириб, педагог ходимларни қийнаётган муаммоларни тинглади. Мактабни капитал таъмирлаш мақсадида йўл харитасига киритиш бўйича таклиф берилди. 

Кейинги манзил тумандаги 160-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Вазир таълим жараёни билан танишиш мақсадида География дарсида қатнашди, ўқувчилар билан суҳбат жараёнида уларни мутолаа қиладиган қўшимча адабиётлари билан қизиқди. Вазир ўқувчилардан давлатлар ва уларнинг пойтахтлари ҳақида саволлар билан юзланиб, ўқувчиларга энг кўп давлат ва уларнинг пойтахтларини ёд олган ўқувчига махсус совға юборишини ваъда қилди. Айни дамда мактабнинг 12 нафар ўқувчиси муддатидан аввал талаба бўлгани, 17 нафар ўқувчи инглиз тили бўйича халқаро сертификатларга эгалиги ҳақида маълумот берилди. Мактабда ўқувчиларга билим бераётган ўқитувчилар даражаси билан қизиқди. Бошланғич таълим ўқитувчилари билимли юқори эканлиги эътироф этилди. Мактаб раҳбарияти таълим сифатини кўтариш бўйича ўз таклифларини билдирди. Мазкур мактаб айни вақтда 2.1 коэффициентда фаолият юритиб, унда 2298 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабда спорт майдони, лаборатория ва компьютерларга эҳтиёж борлиги аниқланди. Таълим муассасасини барча зарур жиҳозлар билан таъминланиши ҳамда ўқувчи сони кўплиги сабабли қўшимча бино қурилиши бўйича таклиф берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ 25-ақли заиф болаларга ихтисослашган мактабда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд муаммолар ўрганилди. Мактаб 2013 йилда капитал таъмирдан чиққан бўлиб, айни вақтда унда 61 нафар ўқитувчи-дефектолог 240 нафар ўқувчига таълим беради. Мактаб раҳбариятига ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича бир қатор тавсиялар, хусусан Қўқон шаҳридаги 5-махсус мактаб тажрибасини ўрганиш таклифи илгари сурилди. 

Бундан ташқари вазир мактабга қўшни жойлашган тумандаги "Баркамол авлод" болалар мактабига борди. Бугунги кунда мазкур таълим муассасасида 700 нафар ўқувчи 26 та тўгаракда таҳсил олади. Вазирлик раҳбарияти шахмат, кулолчилик, бисер тўқиш, IT, либос дизайни, рассомчилик тўгаракларининг фаолияти билан танишди. 

"Баркамол авлод" болалар мактаби раҳбари билан суҳбат жараёнида 25-ақли заиф болалар мактабига болаларни ривожлантиришга кўмак бериш ҳамда тўгаракларга мактаб ўқувчиларининг қамровини янада кенгайтириш таклифини илгари сурди. 

Кейинги манзил тумандаги 91-Ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби бўлди. Айни дамда 1450 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 960 ўринли мактабда капитал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмоқда. Вазир мактабнинг қурилиш ишлари билан танишиб, қурувчиларга қурилиш ишларидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берди. 

Яккасарой туманидаги рейтинги баланд бўлган 91-мактаб билан суҳбат жараёнида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш юзасидан фикрларини тинглади.

Яккасарой  тумани мактабларини ўрганиш якунлари бўйича ҳар бир мактаб кесимида таълим сифатини ошириш, педагогларни янги методикалар асосида ўқитиш, маънавий муҳитни янада яхшилаш, ўқувчиларга муносиб шароитлар яратишга қаратилган "Йўл ҳаритаси" ишлаб чиқилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu