Сайт тест режимида ишламоқда

Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги устувор масалаларга бағишланган Ҳайъат мажлиси танқидий руҳда кечди

21 сентябрь 2023 йил
image

 Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова раҳбарлигида вазирликнинг навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари раҳбарлари, масъул ходимлар иштирок этди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда сўз олган вазир Ҳилола Умарова ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар ҳамда 2023-2024 ўқув йилида бажарилиши зарур бўлган устувор масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди. 
Таъкидланганидек, жорий йилда олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг 77 фоизи (2022 йилда 74 фоиз)ни мазкур  ўқув йилида мактабни битирган ўқувчилар ташкил этмоқда. Халқаро фан олимпиадаларида юртимиз мактаб ўқувчилари 69 та, жумладан, 5 та нуфузли олимпиадада 13 та медални қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихидаги энг яхши натижага эришди.
Жорий йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 30 792 тага етиб, қамров 72,0 фоизга, тайёрлов гуруҳларида 6 ёшли болаларнинг қамрови эса 90,0 фоизга етди.

Танқидий-таҳлилий руҳда давом этган йиғилишда соҳада йўлга қўйилаётган камчиликлар ҳам тилга олиб ўтилди. Жумладан, жойларда мактабгача таълимга қамров даражасини ошириш бўйича ишлар сарҳисоби келтирилиб, Ургут, Тўрткўл, Сариосиё, Нуробод, Элликқалъа туманларида бу борадаги кўрсаткичлар талабга жавоб бермаслиги айтиб ўтилди. Масъулларга мазкур ҳудудларда мактабгача таълимга қамров даражасини ошириш ҳамда мавжуд ҳолатларни атрофлича таҳлил қилиш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Ҳайъат йиғилишида 2023-2024-ўқув йилида тизимда амалга оширилиши зарур бўлган ишларга ҳам бевосита тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, жорий ўқув йилида республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими, шундан 135 та мактабнинг юқори синфларида фанларнинг оптималлашуви асосида танлов фанлари жорий этилади.
Президент ва ихтисослашган мактаблар мазкур таълим масканлари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади. Ушбу тизим кейинги беш йилда босқичма-босқич барча мактабларга жорий этилади. 
Янги ўқув йилида 500 нафар, кейинги йилда 1 500 нафар хорижлик чет тили ўқитувчилари мамлакатимиздаги белгиланган мактабларда дарс бериш учун олиб келинади.
Республикадаги барча туман ва шаҳарлардаги мактабларда “Оқдарё тажрибаси” асосида иккинчи хорижий тил ва касбга ўргатиш ишлари амалга оширилади.
Йиғилиш давомида вазирлик тизимидаги таълим муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ҳудудий бошқармалар раҳбарларига жойларда олиб борилаётган таълим биноларини қуриш-таъмирлаш ишларини маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жадаллаштириш топшириғи берилди. 
Вазир Ҳилола Умарова фуқаролар мурожаатлари таҳлилига тўхталиб ўтар экан, вазирликка қилинган энг кўп мурожаатлар бўйича Қашқадарё вилояти (12 фоиз), Тошкент шаҳар (11,5 фоиз), Сурхондарё вилояти (10 фоиз), Тошкент вилояти (10 фоиз) ҳамда Самарқанд вилоятлари (9 фоиз) етакчилик қилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Тизимдаги фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йил сентябрь ойининг шу кунидан октябрь ойи якунига қадар “Долзарб ойлик” этиб белгиланди. Бунда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича вазирлик марказий аппаратида Ишчи штаби ташкил этилиб, унинг таркибига вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмаларидан тажрибали мутахассислар жалб қилинади.
Йиғилиш сўнгида вазир ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда масъул ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu