Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2-мавсуми жараёнлари хусусида матбуот анжумани ташкил этилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2-мавсум мусобақалари жорий йилнинг сентябрь ойидан декабрь ойигача ўтказилади.
2-мавсумда маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида спортнинг волейбол, миллий кураш ва гимнастрада турлари беш босқичда, яъни кўча – маҳалла – сектор – туман – ҳудуд ва республика бўйича ўтказилади.
Мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг шашка, енгил атлетика, стол тенниси, мини футбол, волейбол, қувноқ стартлар турлари ўғил ва қизлар ўртасида 3 босқичда: синфлараро мактаб, мактаблараро туман/шаҳар ва ҳудудий финал шаклида ўтказилади.
Спортнинг волейбол, кураш ва гимнастрада турлари бўйича ҳудудий мусобақаларда биринчи ўринни эгаллаган маҳалла жамоалари республика финал босқичининг “А-лига” йўналишида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Спортнинг волейбол тури бўйича ҳудудий мусобақаларда иккинчи ўринни эгаллаган маҳалла жамоалари республика финал босқичининг «Б-лига» йўналишида иштирок этади.
Спортнинг волейбол тури бўйича ҳудудий мусобақаларида учинчи ўринни эгаллаган маҳалла жамоалари республика финал босқичининг «С-лига» йўналишида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари И, ИИ, ИИИ даражали диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Спорт турлари бўйича «А-лига», «Б-лига» ва «С-лига» йўналишларида республика финал босқичида ғолиб ва совриндор бўлган маҳалла жамоалари ҳамда якка тартибдаги спортчилар Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Маълумот учун: 1-мавсум спорт мусобақаларида 7 дан 30 ёшгача бўлган 3 миллион 100 минг нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.
1-мавсум спорт мусобақалари якуни бўйича 1 395 нафар иқтидорли спортчи ёшлар саралаб олиниб, спорт билан доимий шуғулланиш учун спорт мактабларига йўналтирилди.
Мусобақаларнинг республика финал босқичида ғолиб ва совриндор бўлган 279 та маҳалла жамоалари учун кўп функцияли, стрит-воркоут ва воркоут спорт майдончалари қуриб бериш бўйича ишлар тўлиқ якунланди.
Мазкур спорт майдончаларининг айнан олис қишлоқлар ва жойлардаги маҳаллаларда қурилиши кенг қатламли аҳолининг оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши ва оилавий спортни рағбатлантириш сифатида хизмат қилмоқда.
Жойларда спорт мусобақаларини фаоллик ва масъулият билан ташкил этишда жонбозлик кўрсатганликлари учун маҳаллага бириктирилган ёшлар етакчилари, умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт мактаблари тренерларидан 36 минг нафари ташкилий қўмита номидан рағбатлантирилди.
Оммавий спорт тадбирларининг республика финал босқичида ғолиб ва совриндор бўлган 344 та маҳалла жамоаларининг мураббийси бўлган умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳамда спорт мактабларининг тренерларига тўғридан-тўғри малака (иккинчи, биринчи, олий) тоифаларини бериш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Мусобақаларда иштирок этиб, кўча босқичидан республика финал босқичига етиб келган ғолиб ва совриндор 344 та маҳалла жамоаларига 2023 йилда универсал спорт майдончалари қуриб берилади.