Сайт тест режимида ишламоқда

Умумтаълим мактаблар раҳбарлигига номзод 50 нафар соҳа мутахассисларига менежерлик сертификатлари топширилди

14 сентябрь 2023 йил
image

Умумтаълим мактаблар раҳбарлигига номзод 50 нафар соҳа мутахассисларига менежерлик сертификатлари топширилди

Аввал хабар қилинганидек, Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги тегишли Фармонига асосан, умумтаълим муассасалари директори лавозимига номзодлар – менежерларни тайёрлаш ишлари тажриба-синов тариқасида олиб борилмоқда.

Ушбу ўқув-курсларининг дастлабки босқичи жорий йилнинг 5-27 июнь кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтида ўтказилди.

Бугун мазкур институт биносида менежерлик ўқув курсларини муваффақиятли тугатган 50 нафар педагог мутахассисга менежерлик сертификатлари топширилди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори Абдували Исмоилов, мазкур институт халқаро маслаҳатчиси Ислам Элҳадарй, халқаро эксперт Michele Gaddy, вазирлик масъул ходимлари иштирок этди.

Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, менежерлик ўқув курсларининг ўқув режа ва дастурлари Англия, Япония, Финландия каби хорижий давлатлар тажрибасига таянган ҳолда 5 та, жумладан:

“Таълим муассасасини ривожлантириш ва ўқув-тарбия жараёнини бошқариш”;
“Ўзини-ўзи ривожлантириш ва ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш”;
“Инсон ресурсларини бошқариш”;
“Иш юритиш ва ҳисобот”;
“Жамоатчилик ва ота-оналар билан муносабат-ҳамкорлик” модулларини қамраб олган бўлиб, унда бугунги замонавий раҳбарларга қўйиладиган талаблар ва эгалланиши лозим бўлган устувор вазифалар ўрин олган. 

Менежерлик курсининг ўқув режа ва дастурлари мазмуни Япониянинг Сукуба ва Амуниддин Баки университети етакчи мутахассислари томонидан кўриб чиқилган ҳамда экспертиза хулосалари олинган.

Ўқув жараёнларининг назарий машғулотлари А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан, амалий машғулотлар Тошкент шаҳридаги белгиланган таянч мактабларда ҳамда юқори малакали ва тажрибали мактаб директорларини жалб қилиниб, илғор тажрибалар ўрганилган ҳолда амалга оширилди.  

Мазкур менежерлик сертификатлари 5 йил давомида амал қилади ва сертификат эгалари умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига захира кадрлар рўйхатига киритилади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги 79-сон Фармонига асосан, 2024 йил январ ойидан бошлаб амалдаги мактаб директорларини касбий сертификатлаш тизими жорий этилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu