Сайт тест режимида ишламоқда

“Ўқитувчи ҳар бир дарсга алоҳида, керак бўлса уйқудан кечиб тадорик кўриши, дарснинг қайси дақиқасида нима дейишини олдиндан белгилаб олиши зарур” — Ўзбекистон Қаҳрамони

13 сентябрь 2023 йил
image

Ярим асрга яқин бир мактабда ўқитувчилик қилган Турғун Азларовни барча “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони мукофотлари соҳиби дея эъзозлайди, ҳурмат билан тилга олади. Бундай улуғ мақомга эришгунга қадар педагог кўп йўлларни босиб ўтган. Дастлаб, Тошкент Давлат Университети (ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий Университети)ни тамомлаб, математика фани ва шахсий компьютерларнинг математик таъминоти мутахассислиги бўйича таълим олган. Йиллар ўтиб, физика-математика фанлари номзоди, доцент унвонини олишга муваффақ бўлди.

Бугун 70 ёшида ҳам қадрдон маскани Шайхонтоҳур туманидаги 40-мактабга бориб, шогирдларидан ўз маслаҳатларини аямайдиган устоз "Ўқитувчининг асосий иши "мактаб чироғини доимий ёқиш"дан иборат", деб ҳисоблайди. Мактабда таълим олаётган ўқувчиларга Файзулла Зикриллаев, Саъди Сирожиддинов, академик Тўхтамурод Жўраев каби устозлари ўгитларидан сўзлаб беради. Ҳар бир ўғил-қиз мактабга фақат билим олиш учун бораман, деб қатъий мақсад қўйиши кераклигини доимий такрорлайди.

— Инсон қайси касбни танламасин фидойилик билан меҳнат қилиши зарур, - дейди қаҳрамонимиз Турғун Азларов. - Ўз мақсади сари интилиб, яхши ният қилган инсон албатта мақсадига эришади. "Халқ ўқитувчиси" бўламан, деб ният қилардим, ниятимга етдим. Бунинг учун ўқувчиларга таълим ва тарбия беришда тинимсиз меҳнат қилдим, ҳамкасбларим ва халқ орасида обрў қозондим. Кўп бора юқори лавозимларга ишга таклиф бўлди, бироз вақт тизим ташкилотларида раҳбарлик қилишимга тўғри келса ҳам, жонажон мактабимдан кета олмадим. Ҳар сафар ўқувчиларимга дарс бериш учун қайтиб келавердим. Боиси, боладек беғубори бўлмайди, уларни ташлаб кетиб, бошқа ишларда ишлолмадим. Иш фаолиятим давомида кўп пул топишга қизиқмадим. Ота-онам ўқитувчи бўлиб ишлашган, озга қаноат қилишни болаликдан ўргатишгани ҳаётим давомида асқотди. Шогирд тайёрлашга алоҳида эътибор қаратдим, уларнинг барига мана шундай таълим-тарбия бердим.

Устознинг шогирдларидан бири Раҳматилла Каримов Турғун Азларов ҳақида шундай дейди:

— Ўқитувчилик касби ҳақиқий фидойиликни талаб этади. Турғун Азларовни ҳам ўз касбининг фидойиси, деб ҳеч иккиланмай айтиш мумкин. Устозга истаган мавзуда савол берсангиз ҳаммасига тўлиқ жавоб оласиз. Ҳар бир дарсга киришдан олдин ўз фанидан ташқари, бошқа фанларга оид янгиликлардан 50-60 фоиз хабардор бўлади. Бу янгиликларни, албатта, ўқувчиларига етказади. Дунёқараши кенг устозимни шу фазилатлари учун ҳам "Қирғоғи йўқ билим дарёси"га қиёслайман. Устознинг барчага ўрнак бўладиган яна бир жиҳати, бола ҳақига хиёнат қилмайди. Дарсни муқаддас билиб, бирор дақиқасини синфдан ташқарида ёки бошқа нарсаларга чалғиб ўтказмаган.

Ўқитувчилик касби жуда шарафли, шу билан бирга катта масъулият талаб қилувчи машаққатли касбдир, деб кўп бора таъкидлади қаҳрамонимиз. Олий таълим даргоҳида механика-математика факультетини тамомлаган Турғун Азларов билан суҳбатлашар эканмиз, китоб жавонининг энг юқори қаторидан жой олган "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" китобига кўзимиз тушди. Сезгир устоз "Математик ёки информатик бўлишнинг умуман аҳамияти йўқ, ўқитувчи қайси фандан дарс бермасин, албатта, саводли бўлиши, ўз устида доимий ишлаши, хатосиз ёзиши зарур"лигини айтиб, нутқ санъати борасида ҳам маслаҳатлар бериб ўтди. Дарсда ўқитувчининг ҳар бир гапираётган гапи ўқувчиларга наф келтириши касбига садоқатидан дараклиги борасида узоқ сўзлади.

— Ўқитувчи ҳар томондан - юриши, туриши, сўзлаши, кийиниши, маданияти, тарбияси, билими билан барчага ўрнак бўла олиши керак. Ҳар бир дарсга алоҳида, керак бўлса уйқудан кечиб тадорик кўриши, дарснинг қайси дақиқасида нима дейишини олдиндан белгилаб олиши зарур. Ўзим мана шу қоидаларга амал қилиб, муваффақиятга ва халқ меҳрига эришдим. Буларни пулга сотиб олиб бўлмайди, - деди сўзи якунида “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони мукофотлари соҳиби Турғун Азларов.

Ҳикоямиз ниҳоясида катта тажрибага эга, юқори малакали, ўқитишнинг замонавий усулларини қўлловчи, изланувчан, ижодкор ўқитувчи Турғун Азларов информатика фанини чуқур ўқитишга қаратилган дастур ва режалар тузгани, улар асосида мамлакатимиз мактабларида информатикага ихтисослашган ҳамда лицей синфлари ташкил этилганини айтиб ўтмоқчимиз.

Маълумот учун: Турғун Азларов саноқли устозлар орасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий даражадаги унвони билан тақдирланган. Унинг 100 га яқин илмий-методик рисолалари нашр этилган. Умумтаълим мактабларининг 8-9-синфлари учун «Информатика» фани бўйича Давлат таълим стандартлари, дастур ва дарсликларининг муаллифларидан бири, ишланмалари Республикамизда меъёрий ҳужжатлардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унинг “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан давлат таълим стандарти ва ўқув дастури”, “Информатика таълимининг табақалашган мазмуни”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларини ўқитишнинг жаҳон тажрибалари”, “Банк синфларида информатика таълими”, “Информатика таълимининг таянч мазмуни”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан таълим стандартларини ишлаб чиқиш технологияси” каби ишлари информатика таълим тизимидаги фундаментал изланишлар сирасига киради. “Информатикадан олимпиада масалаларини ечиш”, “Сборник олимпиадних задач и упражнений по информатике”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асосларидан олимпиада тестларини тузиш”, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари курсидаги мураккаб масалаларни ечиш”, “Информатика фанидан машқлар тўплами” каби қатор илмий асарлари чоп этилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu